error 10:26 08.10.2021 error 1632

Диққат: Гулистон шаҳрининг 24 та маҳалласида “Ҳоким ёрдамчиси” лавозимига очиқ танлов эълон қилинади

Ҳозирги кунда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолининг даромади ва харид қобилиятини ошириш, ишсизлик даражаси юқори бўлган маҳаллалар билан манзилли ишлаш ва уларнинг “ўсиш нуқталари”ни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида ҳудудларда ташкил этилган “маҳаллабай” ишлаш тизими ўз самарасини бермоқда.

“маҳаллабай” ишлаш тизими асосида “оғир” маҳаллаларда тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий қилинган “етакчи”тадбиркорлар ва хонадонлар ўртасида иқтисодий кооперацияни кенгайтириш орқали аҳолини доимий даромад манбаи билан таъминлаш ўзини оқламоқда.

Мисол учун: Сирдарё тумани, “Ширин” маҳалласида “етакчи” тадбиркор томонидан Йўлдошевлар хонадонида иқтисодий кооперация орқали курка етказиб берилиб, ушбу хонадон сохибларини бандлиги таъминланди.

Эндиликда “маҳаллабай” ишлаш тизимини кейинги бочқичга олиб чиқиш маҳалланинг ўзида туриб, барча масалаларни ҳал қилиш чораларини кўриш фаолияти билан шуғулланиш мақсадида республикада илк маротаба тажриба тариқасида “Ҳоким ёрдамчиси” лавозими жорий этилмоқда.

Лавозимга қўйиладиган асосий талаблар:

— Ҳар бир маҳаллага олий маълумотли, иқтисодиёт соҳасида камида 2 йил меҳнат стажига эга бўлган, маҳалланинг шарт-шароитини яхши биладиган, тадбиркорликни ривожлантириш, фуқароларнинг бизнес лойиҳа ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш тажрибасига эга бўлиши лозим.

“Ҳоким ёрдамчиси”нинг асосий вазифалари:

— “Хонадонбай” сўровлар ўтказиш орқали маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш “портрети”ни ишлаб чиқиш;

— Маҳалланинг ихтисослашуви ва “ўсиш нуқталари”дан келиб чиққан ҳолда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш чораларини кўриш, ишсиз аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш, ишга жойлашиш истагини билдирган ишсизларни бандлигини таъминлаш ва аҳолини ўзини ўзи банд қилишга кўмаклашиш;

— “Ижтимоий шартнома” тизими орқали тадбиркорлик қилиш истагида бўлган фуқароларга, жумладан аёллар ва ёшларга кредит ҳамда субсидиялар ажратиш;

— Тадбиркорлик субъектларининг бизнес лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашиш, мавжуд муаммоларини “мижозбай” ўрганиш ҳамда ҳал этиш орқали тадбиркорлик фаолиятини кенгайтиришга амалий ёрдам кўрсатиш, мавжуд инструмент ва ресурслардан самарали фойдаланишни ташкил этиш;

— Ҳудудий ва инвестиция дастурларига таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда маҳалланинг ривожланишига доир дастурлар ижросини назорат (мониторинг) қилиш;

“Ҳоким ёрдамчиси”нинг мавжуд дастаклари:

— Оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида ҳар бир маҳалладаги хонадонларга ва янги ташкил этиладиган тадбиркорлик субъектларига кредит ажратиш учун кредит ресурслари лимити ихтиёри берилади.

— Бандликка кўмаклашиш жамғармасидан ишсиз фуқаролар учун асбоб ускуналар ва мини технологиялар харид қилишга ҳар бир маҳаллага субсидия учун купон беради.

— Ҳақ тўланадиган жамоат ишларига фуқарони жалб қилиш учун ҳар бир маҳаллага купон беради.

— Ҳар бир маҳаллада фуқарони касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш учун ваучер беради.

— Оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида кредит, субсидиялар, моддий ёрдам ва нафақалар ажратиш учун хулоса беради.

— “Ижтимоий шартнома”ларни имзолаш ҳамда шартнома шартларининг бажарилишини таъминлайди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрининг 24 та маҳалласида “Ҳоким ёрдамчиси” лавозимига очиқ танлов эълон қилинади.

Номзод ушбу лавозимга тайинланган кундан эътиборан миллий кадрлар заҳирасига киритилиб, меҳнат фаолиятининг натижадорлигига кўра лавозим бўйича ўстириб борилади.

Ҳоким ёрдамчиларига камида 4 млн.сўм миқдорида ҳозирги иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда ойлик маош белгиланади.

Мурожаат учун +998672251777 (Лазиз Джураев) маълумотнома (объективка) юбориш учун +998915040405 телеграм рақами

Гулистон шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати

Бизнес