error 22:23 28.09.2021 error 1736

Сирдарёда қотил тоғаваччага қандай жазо тайинланди ёҳуд намоз вақтидаги қотиллик

Умр яратганнинг бандаларига берган бебаҳо нематдир. Шу боис ўзга шахснинг ҳаёт шамини бевақт ўчиришга ҳеч ким ҳақли эмас. Буни Бош қомусимизнинг 13-моддасидаги, “Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади” деб, 24-моддасидаги “Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқидир. Инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятдир” конституциявий қоида ҳам тасдиқлайди.

Аммо Гулистон шаҳрида яшовчи Бозоров Хуршидбек эндиликда 26 ёшини қарши олиб, (исм-фамилияси ўзгартирилган) туппа-тузук жойда ҳайдовчи бўлиб ишлаб, шунга қаноат қилмасдан, қиморбозликка ружу қўйиб, интернет тармоғида қимор ўйинларини ўйнаб, натижада 100 млн. сўмдан зиёд қарзлари пайдо бўлиб қолади, шу вақтда ҳам янги автомашинани минишни орзу қилади.

Бир кунларнинг бирида Х.Бозоров холаси М.Ортикованинг (исм-фамилияси ўзгартирилган) хонадонида жойлашган сейф ичида тахминан 5000 АҚШ доллари маблағи борлигини билиб қолиб, уни босқинчилик йўли билан талон-торож қилиш мақсадни ўзига режа қилиб олади.

2021 йил 18 март куни соат 11:30 ларда Х.Бозоров ўзи билан жигарранг дастали ўткир тиғли ошхона пичоғини олиб, тахминан соат 13:00–13:15 ларда М.Ортикованинг хонадонига келиб, уйга М.Ортикованинг 2003 йил 20 октябрда туғилган фарзанди, яъни Х.Бозоровга тоғавачча ҳисобланган Б.Ортиковнинг (исм-фамилияси ўзгартирилган) рухсати билан кириб, Б.Ортиковни пешин намозини ўқиётганлигидан фойдаланиб, ўзи билан олиб келган пичоқдан қурол сифатида фойдаланиб, вояга етмаган Б.Ортиковни қасддан ўлдириш ва сейфда бўлган 5000 АҚШ долларини талон-торож қилиш мақсадида, Б.Ортиковга ҳужум қилиб, ҳаёти ва соғлиғи учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиб, жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатда ўта шавқатсизлик билан кўкрак қафасининг олди ва орқа томонларига пичоқ билан 10 маротаба уриб, юз қисмини кўрпа билан ёпиб бўғиб қасддан ўлдираётган вақтида, Б.Ортиков ёрдам сўраб бақираётганини эшитган қўшниси М.Ўрмонова (исм-фамилияси ўзгартирилган) хонадонга кириб бўлиб ўтаётган воқеа гувоҳи бўлганлигини кўриб, такроран қасддан одам ўлдириш мақсадида қўлида бўлган ошхона пичоғи билан М.Ўрмонова томонга ҳаракатланиб, М.Ўрмонова хонадон меҳмонхона эшигини қўли билан тортиб, Х.Бозоров уни ўлдиришига йўл қўймаслик мақсадида эшикни ушлаб турганида, Х.Бозоров эшикни тортиб очмоқчи бўлганида М.Ўрмонова “Ҳозир милиция чақираман” деб бақирганидан Х.Бозоров чўчиб меҳмонхона эшигини тортиб очиб, қўлида бўлган ошхона пичоғи билан М.Ўрмонованинг олдидан югуриб, кўчага чиқиб кетиб, воқеа жойидан яшириниб, босқинчилик йўли билан ўзганинг мулкини қўлга кирита олмаган ҳамда такроран одам ўлдириш жиноятини ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолда охирига етказа олмаган.

Натижада, вояга етмаган Б.Ортиков олган ҳаёт учун хавфли бўлган
тан-жароҳатлари натижасида 2021 йил 18 март соат 15:50да шошилинч тез ёрдам илмий маркази Сирдарё вилоят филиалида вафот этган.

Жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар судида 2021 йил 24 август куни мазкур жиноят иши мазмунан кўриб чиқилиб, Х.Бозоровга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми “ж”, “и” бандлари, 164-моддаси 3-қисми “г” банди ва 25,97-моддаси 2-қисми “р” банди билан ЖКнинг 59-моддаси тартибида 20 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди, жазонинг дастлабки 3 йили турмага қамаш тариқасида ўтаттириши, жазонинг қолган қисми умумий тартибли колонияларда ўтаттиришини белгиланди.

Бундай ҳолатларда қонун албатта, ўзининг ҳуқуқий баҳосини берди, лекин бегуноҳ кишининг ҳаётини ортга қайтариб бўлмайди, бу қиморбозлик бир ёш йигитчанинг бевақт ҳаётдан кўз юмишига, бирининг эса умрининг бир қисмини панжара остида ўтишига сабаб бўлди.

Бахтиёр Мамадаминов,
Сирдарё вилояти судининг жиноят ишлари бўйича судьяси

Бизнес