error 14:07 13.07.2021 error 745

СИРДАРЁЧА ТЎЙ ҚИЛАМИЗ


Шарофат хола шаҳар марказида яшовчи тўнғич ўғли ва келинининг номозшом аралаш шошиб кириб келганларидан бироз хавотирга тушди.

- Ҳа, келинглар, тинчмисизлар, невараларим қандай?

-Ҳаммалари яхши, ўқиб юришибди. бормайсизам, сизни жуда соғинишган, - деди ўғли.

- Биз сизни олиб кетгани келдик, ойижон. Уйимизга совчилар келишаяпти, жуда бошимиз қотган, тўй қилишни ўйласам, қўрқиб ҳам кетаяпман…

Келинининг ҳаяжонланаётгани кўринишидан ҳам, сўзларидан ҳам сезилиб турарди.

- Куёв бўлмиш ким экан, қаердан,  суриштирдиларингми ахир?

- Зилолангиз билан университетда бирга ўқиркан. Ота-онаси ҳам гап–сўзларидан  ажабтовур одамларга ўхшайди.

- Қизимиз билан бирга ўқиса, ишнинг ярми битган чамаси, шундаям обдон суриштириш лозим, кўпинча ёшлар бир-бирининг фақат кўзу қошига, ширин сўзига маҳлиё бўлишиб, турмуш қуришади. «Фарҳод-Ширин» бўлишиб, олти ой, бир йил яшар-яшамас, «характеримиз тўғри келмади», дея ажралишиб кетаётганлар қанча? Бу борада ҳеч шошмаган маъқул. Кимнинг кимлигини аввало қўшнилар билишади. Маҳалласидан, қўни-кўшниларидан уруғ- аймоғини, оила аъзоларини, йигитчанинг феълу атворини зимдан сўраб, билиш керак. 

Қуда бўлгунча қулунли  биясигача сўраш, қуда бўлгач, қул ҳам бўлса сийлаш, деган мақол бор халқимизда.

- Аяжон, шунинг учун ҳам сиздан маслаҳат олгани келдик-да, биз билан кетасиз, ҳамма ишга ўзингиз бош-қош бўласиз, - дея онасини  улар билан бирга кетишга ундай бошлади ўғли.

- Йигитнинг отаси самарқандлик, онаси тошкентлик экан. Келган совчилар тўй маросимларини «тошкентча» ўтказсак, дейишмокда, аяжон - дея келин бошини эгди.

- Нега энди самарқандча эмас, тошкентча?  Илгарилари  самарқандликлар  қиз  узатганда у қадар бел ечмаган.

“Қизни берсанг, Самарқандга бер, келин олсанг, Тошкентдан ол”,  деган гаплар  бекорга айтилмаган. Тошкентликлар қадимдан қизларга сеп қилишга, йўқловлар жўнатишга, дабдаба билан ном чиқаришга ишқибоз бўлган. Айниқса, у ерда ҳозир айрим оилалар уйларини сотиб, хонадонларга  ижарага чиқиб, қарзларга ботиб, қиз узатмоқда эканлар. Бўлмағур янгича урф-одатларни чиқариб қўйишади-да, вилоятдагилар чираниб, уларга етгунича яна бошқасини ўйлаб топишади.  

Эндиликда Самарқандда ҳам қизларни тилло зебигардону билакузукларсиз, олмос комплектларсиз узатишмас эмиш. Агар савдомиз пишса, қайнотангиз зоминлик эдилар, биз бўлғуси қудалардан  зоминликларнинг қадим одатларига кўра қалин оламиз. Сўраганда ҳам беш–олти минг «кўки»дан сўраймиз, майли, ана шунга «тошкент»часига сеп-суруғ қилиб борамиз, - деди қайнона кулиб.

- Ҳазилни ҳам ўхшатасиз-да аяжон, ҳозирги замонда ким ҳам қалин оларди?

- Бўлмаса, сиз андижонликсиз, урф-одатлар Андижонда ҳам чегарадан ошиб кетибди. Куёв бўлмишникига қиз онаси қирқ кунгача уч маҳал озиқ-овқат ташир эмиш. Бу одатларга нима дейсиз? Мана мен водийликман. Қайнотангиз раҳматли «Шафтоли шохи ларзон, Фарғонада қиз арзон» бўлгани учун сизга уйланганман, - дея ҳазиллашардилар. Битта сандиқ, олтита кўрпа, битта гиламимиз бор эди. Худога шукур, тотув яшадик, ҳалол менат билан тўрт фарзандни уйли-жойлик қилдик. Ҳозир қайда, водийда ҳам донғи Доғистонга етадиган тўйлар қилишаяпти. Барча вилоятлар бошқа жабҳалар қолиб, тўй қилиш бўйича мусобақалашаяпти чоғи… Яна бир қизингиз контрактда ўқиётган бўлса, ўғлингиз репититорга қатнаса… Ортиқча ҳою-ҳавас белни синдиради… Вилоятимизда ўзбекнинг 72 уруғи салкам бир асрдан буён қуда-анда, қариндош  бўлиб яшаб келаяпти. Тошкентча, водийча деган даҳмазалари нимаси! 

Кампир пешанасини тириштириб, овозини баландлатди.

- Биз тўйни Сирдарёчасига қиламиз.

- Сирдарёча тўй осонроқми ишқилиб? - сўради ўғли.

- Сирдарёча тўйни ўзимиз бичамиз-да, ўргилай! Қудалар билан келишиб, “унашув”, “фотиҳа”, “уй кўрар”, “тўш жўнатар”, “ота кўрди”, “чақирди”, “қовурдоқ”   сингари етти тўйчиқни бир қилиб, бир жойда, бир кунда, битта  тўй қиламиз.Олди-берди бўлмайди, куёв-келинга ҳам бор ана беш-олти сидрадан кийим қилинар. Ҳаммасини ўртада оласизлар. Бу қудаларгаям, атрофдагиларгаям хуш ёқади.  Яна пандемия шароитидаги қоидаларга тўлиқ амал қиламиз!                                                  

Хуллас, жамалак билан сочни, ялла билан тўйни кўпайтирамиз-да, айланай! 

Дилором Исмадиёрова, журналист

Бизнес