error 21:23 18.06.2021 error 2155

Ижтимоий тармоқларда тарқалган Сирдарё вилоят прокуратураси биноси олдида бир аёлнинг бақир-чақир қилиб, «жанжал кўтараётганлиги» акс эттирилган видеолавҳага расмий муносабат билдирилди

Фото: Видеодан скриншот

Ижтимоий тармоқларда Сирдарё вилоят прокуратураси биноси олдида бир аёлнинг бақир-чақир қилиб, «жанжал кўтараётганлиги» акс эттирилган видеолавҳа тарқалди. 

«Sirdaryo Xabarlari» мазкур ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида, вилоят прокуратураси билан боғланди ва улар томонидан ҳолатга расмий муносабати берилди. Уни тўлалигича эътиборингизга ҳавола қиламиз:

Фуқаро Д.Эргашеванинг видеомурожаати юзасидан расмий муносабат

Ижтимоий тармоқларда жорий йилнинг 17-июнь куни чиқарилган фуқаро Д.Эргашеванинг видеомурожаати Сирдарё вилоят прокуратураси томонидан ўрганиб чиқилди.

Хусусан, 15.06.2021 йилда фуқаро Д.Эргашева Ўзбекистон Республикаси Президентининг Сирдарё вилоятидаги Халқ қабулхонасига бориб, вилоят прокурорига мурожаати борлигини билдирган. Вилоят прокурори бетоблиги сабабли вақтинча даволанишда эканлиги тушунтирилиб, вилоят прокурори ўринбосари томонидан қабул қилинган бўлсада, фуқаро Д.Эргашева айнан қайси масалада мурожаат қилганлигини баён қилмасдан, ўзини номуносиб тутиб, Халқ қабулхонасидан чиқиб кетган ва вилоят прокуратурасига келиб, масъул ходимлар фуқаронинг келганлигини вилоят прокуратураси раҳбариятига билдиргунига қадар ҳар хил обрўсизлантирувчи сўзларни айтиб, видеотасвирга олишни давом эттирган.

Шу вақт ичида вилоят прокурорининг ўринбосари фуқаро Д.Эргашевани вилоят прокуратурасида қабул қилган, бироқ у томонидан айнан қайси масалада мурожаати борлиги билдирилмаган.

Фуқаро Д.Эргашеванинг муқаддам вилоят прокуратураси ва  Гулистон шаҳар прокуратураларига йўллаган бир нечта мурожаатлари мутахассислар иштирокида ўрганиб чиқилиб, белгиланган муддатларда жавоб хатлари берилган.

Жумладан, Д.Эргашева 25.09.2020 йилда Гулистон шаҳар Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими ходими А.Пайзиевага оилавий шароити оғирлиги ва ёрдам кўрсатилмаётганлиги ҳақида йўллаган мурожаати юзасидан ўзаро келишмовчилик келтириб чиқарганлиги ва А.Пайзиевани уяли телефон орқали ҳақорат қилганлиги юзасидан Гулистон шаҳар ИИО ФМБ томонидан терговга қадар текширув ўтказилиб, Д.Эргашева Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 41-моддасига асосан ҳақорат ҳуқуқбузарлигини содир этган деб топилган ва суд томонидан кодекснинг 21-моддасига асосан огоҳлантирилган.

Худди шу каби, яна иккита ҳолатда фуқаронинг аризасини текшириш давомида ҳақорат қилганлиги ва тухмат қилганлиги аниқланиб, суд томонидан бир марта огоҳлантириш ва бир марта жарима жазолари тайинланган.

Д.Эргашеванинг ўзи яшаб келаётган “Нурафшон” МФЙ раиси томонидан маҳалла раислигига сайланишидан олдин берган ваъдаларини бажармаётганлигидан норози бўлиб йўллаган мурожаати Гулистон шаҳар ИИО ФМБ томонидан ўрганиб чиқилиб, бирор-бир шахснинг ҳаракатларида жиноят таркиби аниқланмаганлиги сабабли, жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган ва бу ҳақдаги жавоб хати 06.05.2021 йилда Д.Эргашеванинг ўзига тақдим этилган.

Шунингдек, Бюронинг Сайхунобод тумани бўлими томонидан 09.07.2020 йилдан қарздор А.И.дан ундирувчи Д.Эргашева фойдасига бир нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун даромадининг 1/6 қисми миқдорида алимент ундириш тўғрисида ижро иши қўзғатилган.

Ҳозирда Бюронинг Сайхунобод тумани бўлими томонидан алимент қарздорлиги тўлиқ ундириб келинмоқда.

Д.Эргашевага қуйидаги моддий ёрдамлар кўрсатилган.

Уй-жойини таьмирлаш учун Гулистон шаҳар маҳалла жамғармаси томонидан 100 (юз) кг. цемент, бир машина шағал, бир машина қум, 20 дона шифер ва уста ҳақи учун 500 (беш юз) минг сўм моддий ёрдам, Гулистон шаҳар ҳокимлиги томонидан газ плитаси берилган, шунингдек, кам таъминланган оилаларга ажратилган имтиёзли кредитдан тавсиянома асосида 15 млн. сўм кредит ажратиб берилган.

Бундан ташқари, Гулистон шаҳар бандликка кўмаклашиш маркази томонидан ишсизлик рўйхатига киритилиб, уч ой 667 минг сўмдан ишсизлик нафақаси тўлаб берилган, 2020 йил июнь ойидан олти ой мобайнида ҳар ойлик 376 минг сўм миқдорида моддий ёрдам тайинланиб, тўлаб берилган.

Юқоридагилардан ташқари, фуқаро Д.Эргашева мунтазам равишда моддий кўмак олиш учун мурожаатлар қилиб келмоқда.

Сирдарё вилоят прокуратураси

Бизнес