error 20:17 04.06.2021 error 1401

Оташқалб инсон эдилар!

Атаходжаева Мавлюдахон Саиткамаловна

Атаходжаева Мавлюдахон Саиткамаловна 1956 йил 25 ноябрда Тошкент вилоятининг Ўрта чирчиқ туманида ишчи оиласида дунёга келди. Оилада 6 фаразанднинг тўнғичи бўлгани учун ота-онаси Саидкамол ака ва Махсумахон аялар унинг тарбиясига алоҳида эътибор беришди. Болалигидан унга эртаклар айтиб, дунёқарашининг ошишида ҳисса қўшишди. Мавлюда 4 ёшлигидан тили бийрон қизча эди, катталарга ўзи қизиққан нарсалар бўйича саволлар бераверарди.

Мавлюдахон 1964 йили Тошкент шаҳар, Шайҳантохур туманидаги 92-сонли умумтаълим мактабининг 1-синфига ўқишга борди. Тиришқоқ ва қобилиятли бўлгани учун мактабда аъло баҳоларга ўқиди. У барча фанларни пухта ўзлаштирди. Натижада 1974 йили  мактабни Олтин медаль билан битиришга муваффақ бўлди.

Мавлюдахоннинг мактабда гуманитар ва аниқ фанларга қизиқиши баланд эди. Айниқса, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ дарслар ўтилганда, бутун вужуди қулоққа айланарди. Ўқитувчилари “Келажакда ким бўлмоқчисан?” мавзусида иншо ёздирганларида, Мавлюдахон ҳеч иккиланмай “юрист” бўламан, деб ёзганди.

Мавлюдахон Атаходжаева мактабни битириши биланоқ ҳужжатларини Тошкент Давлат Университетининг юридик факультетига топширди. Ўқишга имтиёзли қабул қилинди. Талабалик даврида ўзи билан бир гуруҳда таълим олган курсдоши, сирдарёлик Рустамбек Абдуназарович Турдиевга турмушга чиқди.

М.Атаходжаева гарчанд Тошкент шаҳрида катта бўлиб, қишлоқ ҳаётини, унинг машаққатларини, қишлоқда шаҳардаги шароитлар йўқ эканлигини билса-да, курсдошига бўлган муҳаббатини, у билан албатта бахтли бўлишлигига бўлган ишончини устун қўйиб, 1978 йилда  Сирдарё вилояти, Гулистон тумани, “Қизил тонг” жамоа хўжалигига келин бўлиб тушди. 1979 йилда олийгоҳни имтиёзли диплом билан якунлади.

Ўша пайтлари кадрларни Республика тақсимоти асосида берилган йўлланма билан ишга йўллашар эди. Мавлюдахон Атаходжаева дастлаб савдо ташкилотида юрист бўлиб ишлади, ундан сўнг адвокатлик қилди. ФҲДЁ мудири бўлди. Сирдарё вилояти Адлия бошқармаси бошлиғининг ўринбосари каби турли вазифаларда ҳалол ва самарали меҳнат қилди. М.Атаходжаева умрининг энг гуллаган йилларини суд тизими фаолияти билан боғлади. 2002 йили фуқаролик ишлари бўйича Гулистон туманлараро суди судьяси этиб тайинланди. Тажрибаси ошиб борган сари яна кўтарилди. Фуқаролик ишлари бўйича Сирдарё вилояти судининг судьяси, вилоят суди раисининг ўринбосари лавозимларида ишлади.

Юқорида айтганимиздек, Мавлюдахон Атаходжаева Сирдарё ўғлони Рустамбек Турдиев билан турмуш қуриб, турмушлари давомида 5 нафар фарзандни тариялаб, вояга етказишди. Қизлари Саодат, Зилола, Ҳилола, Нодира – барчаси олий маълумотли. Ўғиллари Равшанбек ота-она изидан бориб, малакали юрист бўлиб етишди.

Мавлюдахон опа ва Рустамбек акалар 43 йил бахтли турмуш кечириб, беш нафар фарзанднинг ота-онаси ва ўн тўрт нафар неваранинг бобо-бувиси бўлдилар. М.Атаходжаева суд тизимида бенуқсон ишлаганлиги учун 2015 йил октябрь ойида фахрийлар рўйхатига олиниб, “Ўзбекистон суд фахрийси” деган муносиб даражага эришди. Бундай ҳурмат Мавлюдахон опага бир умрга берилган.

Дунёни ларзага солган “Сovid-19” касаллиги орамиздан кўплаб яхши инсонларни олиб кетди. 2020 йил 15 октябрь куни М.Атаходжаева касалликка чалингани туфайли 64 ёшида бу ёруғ дунёни тарк этдилар. Мавлюдахон Атаходжаева  умрининг сўнгги кунига қадар ҳам ўзларининг катта ҳаётий тажрибаси, ўгитлари ва маслаҳатлари билан кўпчиликка яқиндан кўмак бериб келган эди.

М.Атаходжаева суд ходимлари учун ўрнак бўладиган фаолият юритдилар. Уларнинг номлари фарзандлари, шогирдлари қалбида абадий сақланиб қолади.

Ўткир Разиқов, Гавҳар Олимова, Ихтиёр Ҳакимов,
Сирдарё вилояти судининг судьялари

Манба: "qonun-ijro.uz"

Бизнес