error 13:27 12.11.2021 error 538

Қизиқчи Аваз Охун рулда ухлаб қолиб — даҳшатли авто ҳалокатга учрагани ҳақида сўзлаб берди (видео)

Қизиқчи Аваз Охун «Дарё» интернет-нашрига эксклюзив интервью берди. Интервьюни «Дарё» мухбири Феруз Муҳаммад ташкиллаштирди, дейилади нашр хабарида.

Суҳбат давомида Аваз Охун рулда ухлаб қолиб, оилавий авто ҳалокатга учрагани ва ўша кунни ҳаётидаги энг оғир кун деб ҳисоблаши ҳақида гапириб берди.

Оилавий авто ҳалокатга учраган куним, жуда оғир аҳволга тушганман. Ўшанда энди танилган вақтим эди. Андижон Қўқон катта трассасида аёлим, қизим билан кетаётган эдик, у вақтда бошқа болаларим йўқ эди. Қизимга «қол, қол, десак ҳам, мен ҳам кетаман», деб туриб олган эди.

Саҳар вақтида катта йўлда кетаётганимизда кўзим кетиб қолиб, рулда ухлаб қолганман. Ният қилиб, навбатларда туриб, биринчи маротаба Spark мошинасини олган эдим. Машинани олганимга 3 кун бўлганди. Водийга бориб, уйдагилар билан кўришиб, қайтаётганимда шу ҳодиса бўлган.

Мошина думалаб кетган. Бир пайт кўзимни очсам, мошина ағдарилиб ётибди. Қизим йиғлаганини эшитганимдан сўнг, ҳушимга келганман. Мошинанинг эшигини очиб, чиқиб, битта қўлим билан қизимни одамларга узатдим. Кейин бизни шифохонага олиб кетишган. Илоҳим бундай ҳолат ҳеч кимнинг бошига тушмасин.

Катта жароҳат олмаганман, лекин жуда оғир кун бўлган. Бир ой қулоғим эшитмай юрган. Шифохонага олиб боришганда «Аваз келинг қонингизни артиб қўяй», дейишганида ҳам, «менга тегманглар боламга қаранглар, боламга яхшироқ қаранглар, илтимос, менга тегманглар, боламга, боламга», деяверганман. Бўлмаса ўзим ҳам ёрдамга муҳтож бўлиб турганман. Худога шукр, қизимни текширишганларидан сўнг соппа-соғ бўлган.

Аваз Охун, қизиқчи

Маълумот учун, Аваз Охун 1983 йил, 27 апрелда Андижон вилояти Асака туманида туғилган. Ўзбекистон давлат Санъат ва маданият институтини тугатган. 2014 йил «Туркистон» санъат саройида «Янгисини эшитдингизми», Халқлар дўстлиги санъат саройида 2015 йил «Ўзимизнинг гаплар», 2016 йил «Самимий кулги», 2017 йил «7 дан, 70 гача», 2018 йил «Янгиси янгида», 2019 йил «Ўзбекча кулги», 2020 йил Zo‘r TV каналида ҳарбийлар учун концерт дастурларини тақдим этган. 2021 йил «Кулгиларингизни соғиндим» концерт дастурини тақдим этиш арафасида. Оилали, тўрт фарзанднинг отаси.

Бизнес