error 10:07 15.09.2021 error 131

Вояга етмаганлар ўртасида содир этилган жиноят ишини кўришда суд...

Аҳолининг вояга етмаганлар қатламининг нозик жиҳати шундаки, улар салбий муҳит ва қонунга итоаткор бўлмаган катталар таъсирига тушиб қолиши мумкин ва оқибатида жиноятчилик йўлига кириб қолган вояга етмаганларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга нисбатан инсонпарварлик, одилона судловни таъминлаш муҳим масала ҳисобланади.

 Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция ва бошқа умумэътироф этилган ҳалқаро шартномаларни тан олган ҳамда улардаги нормалар миллий қонунчиликда акс эттирилган.

Вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятлар учун катталарга мўлжалланган қораловчи жазо чораларнинг қўлланилиши бесамар ва айни пайтда адолатдан ҳисобланмайди.

Шу сабабли Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси олтинчи бўлимида вояга етмаганлар жавобгарлигининг хусусиятлари акс этган. Унга кўра, вояга етмаганларга нисбатан жазо тизими ва уни тайинлашнинг ўзига хос қоидалари белгиланган. Жиноят кодекси 81-моддасида, вояга етмаган жиноят содир этган шахсларга нисбатан жарима, мажбурий жамоат ишлари, ахлоқ тузатиш ишлари, озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш жазо тизими белгиланган.

Вояга етмаганлар ишини кўришда суд, вояга етмаганнинг шахси билан атрофлича танишиб чиқиши ва унинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатини батафсил ўрганиши лозим. Ўзбекистон Республикаси ЖПК олтмишинчи бобида, вояга етмаганларнинг жиноятлари ҳақидаги ишларни юритиш тартибига оид нормалар мустаҳкамланган. Унга кўра, дастлабки тергов ҳаракатлари ва суд муҳокамаси давомида вояга етмаганларнинг жиноятлари ҳақидаги ишлар бўйича ЖПК 82-84-моддаларидан кўрсатилган ҳолатлардан ташқари, вояга етмаган судланувчининг аниқ ёши (туғилган йили, ойи, куни), вояга етмаганнинг шахсига хос хусусиятлар ва унинг саломатлиги ҳолати, унинг турмуш ва тарбияланиш шароитлари, катта ёшдаги далолатчилар ва бошқа иштирокчиларнинг бор ёки йўқлигини аниқлаш шарт ҳисобланади.

Бундан ташқари, вояга етмаганларнинг тергов ҳаракатлари ва суд муҳокамаси даврида қонуний вакиллари ва адвокати иштирокини таъминлаш лозим. Шунингдек, вояга етмаганни сўроқ қилиш, уларга нисбатан эҳтиёт чораларини қўллаш ва бошқа шу каби алоҳида қоидаларга риоя қилиш вояга етмаганнинг жиноятни теров қилиш ва судда кўришнинг ўзига хос хусусияти ҳисобланади.

Вояга етмаганларга оид жиноят ишларини тергов қилиш ва суд муҳокамасида кўриш ва жавобгарлигининг алоҳида тартиби жазолаш ва мажбурлов таъсир чораларини қўллашдан кўзланган мақсадга эришиш ҳамда анъанавий жиноят процессининг холисона, уларнинг руҳий физологик ривожланиш хусусиятларини эътиборга олган ҳолда соддалаштирилган ва самарали йўсинда амалга ошириш заруратидан келиб чиқиб белгиланган.  

Сирожиддин Сайданов,

Юсуф Абизов,

Сирдарё туманлараро иқтисодий судининг судья ёрдамчилари

Бизнес