error 23:14 16.07.2021 error 210

Сирдарёлик ёш адибнинг ҳикояси: «Оқшомда топилган дугона»

Холам бизникига қачон келмасин янги гап топиб келади. Бу сафар салом аликдан сўнг хавотир ичида гап бошлади.

- Сашани уйидан қора тутун чиқяпти опча. Бувим диққат қилиб турган шекилли:

- Аниқми, деди холамнинг ваҳимасидан хавотирга тушиб.

- Ҳа-а-аа, мана Юсуфжон гувоҳ. У ёнидаги ўғлига ишора қилди.

- Деразасидан чиқяпти, холажон деди Юсуфжон ишонч билан.
Эндигина қиш киргани учун бувим сал ўзини босиб “мўрисидир” деган хаёлда иккиланиб турдида тоғаларимни шоширди.

- Қани юринглар-чи, тағин шўрликни уйи ёниб адо бўлмасин-а?!

Саша ака икки қаватли уйнинг биринчи қаватида туради. Тоғаларим етиб бориб деразасидан ошиб тушиб сув сепмаса ҳеч ким билмас экан. Унинг устига ҳаммаёқ қуюн туман босган. Икки қаватли уйнинг торгина пешайвонида Светлана билан Нина қўғирчоқларини бағрига босганча хотиржам ухларди. Тоғаларимнинг бақир-чақиридан иккала қиз, сариқ эмасми қондек қизарса ғалати бўларкан, юзларидаги малла сепкиллари ҳам билинмай қоларкан. Икки қиз биргалашиб қора тутун ичида даҳшатли туш кўраётгандек аммасиникига кетган мамаси билан папасини чақириб дахшат ичида додлай бошлади.

Уй пешайвони тамомила қора тутунга тўлди. Тўрт бурчак гиламнинг ҳар томони вишшилаб ёнарди. Ҳар қандай кишини бир мартасига дахшатга соладиган бу холатдан хабар топган қўшнилар қий-чув солиб сув сепа бошлади.

Бир махал Саша ака билан хотини Наташа халлослаганича етиб келиб уй ичига киришга тутинди. Хотинлар Наташа опани ушлаб қолди. У қўрқув ичида бақириб ёнгинасида “мамалашиб” турган қизларини кўрмай қичқирарди:

- Ни-и-и-на,-а-а-а, Све-та-а-а-а...

Пақирчани тубида қолган сувни бувим Наташа опанинг юзига сепаркан, уни тинчлантиришга уринарди.

- Хой, Наташажон, Наташахон ўзингни бос, синглижоним. Мана... Мана-ку, болаларинг, ёнингда, соппа-соғ. Шукур қил, бошинг омон бўлса нарса топилади, гапимга қулоқ сол сингилжоним.

Уйга ўт кетиши эр хотинни ажрашишларига баҳона бўлди. Бир-бирига ўшқиришиб бир пасда жанжал кўтаришди.

- Инди, олдин булмаса инди, ажрашаман, билдингиз. Инди, сен сволшдан қутиламан...

Саша аканинг бу кескин гапига хотини ҳам чидаб туролмади.

Ул, улиб кет, сендан не булса шу туғади, хатин, билдингиз! Сендан угил булмайди, врач айткан...билдинг, бар уйлан, мингтага уйлан, кураман, киз курасан, киз...

Қўшнилар куйган телевизор, радио гиламларни олиб чиқишаётганида Наташа опа қаттиқ дахшатли бақириб йиғлай бошлади.

- Бир йил ишлаганман. Бир-бир йил олиш учун. Ма-ма-а-а-а...

У охири чидолмай бошини қаттиқ чангаллаганча ўтириб олди. Саша ака уйни кузатиб чиқди. Ёнғиндан омон қолган нарсаларни бир хонага тўплади. Уйга шошганча келган бувим энди ўзи ваҳима қила бошлади.

- Яхшиям кўрибсан, Барчин, бўлмаса бу ёнишда ҳамма нарсаси адо бўларди, шўрликлар-е! Уволгина!

- Ростмикин, нимадан чиқибди ўт, холам сабибига қизиқди.

- Уйни иситиш учун телевизорни ёнига сперал печка қўйган. Резиткадан тўк чиққан, эриган кейин бирдан ёнганда, деди ҳозиржавоблик билан катта тоғам.

- Телевизор, радио, кичкина карават, россиский патгилам ҳаммаси ёнган деб, ваҳима ва ачиниш билан гапга аралашди кичик тоғам.

Шу кеча тонггача Саша ака ароқ ичиб хотини билан жанжаллашиб чиқишди.

Эртасига Саша ака уйни сотувга қўйди. Қоронғуликда бирдан лампочка ёнганида ҳар хил хашоратлар йиғилганидек “куйган уй арзон бўлади” деган хаёлда уй сотувга қўйилганини эшитганлар анчагина кўпайишди. “Арзон уй”га бувим ҳам харидор бўлди. Бувим аввалига “қанча бўлса шунчага оламан” деб харидорларни шаштидан қайтарди. Бувимнинг бу қилиғи кўпларни ғашига тегди. Бувим бир пастда эр-хотинни уйига олиб кириб кетди. Уй савдоси қоронғу тушганича давом этди. Наташа опа ва Саша ака бувимнинг насиҳатига ҳарқалай амал қилишди. Учавлон қандай бўлсада келишиб чиқишди. Уй сотилмади. Ҳамма хайратда қолди.

 * * * * * 

Бир хафта ўтиб Россиядан Саша аканинг онаси Галя хола келиб бувим билан дугона тутиниб, бир умрга қадрдон бўлиб қолди. Наташа опа фақат қиз туққан. Улар ўғил кўришмади. Галя хола Россиядан ҳар келганида бувимни ёнига чақиртирар ё бўлмаса ўзи:

- “Ўй госпиди” деб келиб қолади-да, бувим билан алламаҳалгача суҳбатлашиб ўтирарди.

Бир гал Галя холанинг туфлисини пошнасига қизиқиб таққилатганча кийиб ўйнагани чиқиб кетдим. Кўчада кимга дур келсам аввал оёғимдаги жигарранг туфлига, кейин ўзимга қараб муносабатини билдиради.

- Хой, жинни – бу кимники?..

Хотиржам жавоб қайтараман.

- Галя холамники.

- Вой, манавини, кимникини кийвопти, суякпошна экан, кеннойи – дейди сочини ингичка қилиб пул резинка билан йиғиб олган қизча.

Боласини кўтариб олган келинчак анграйганча менга кўзи тушиб ажабланиш билан:

- Ий, бу, вой ҳа-ҳа-ҳ-а-а-а. Ойизникими, опкиринг уришади – дейди мени ғамимни еб.

- Биринчидан ойимни туфлиларининг пошнаси йўқ. Иккинчидан Галя холам ювош... дейман гап бермасдан. – Индамайди. Олдинги келганида женферига тақволган қизил байроқли значогини менга берган, қайтиб сўрамаган. Катта бўлсам тақаман.

Кун ботарда уйга келсам пешайвонда Галя хола бувим билан “энди кетаман” деб турган экан. Оёғимдаги чангга ботган суякпошна туфлисини кўриб қолдида гапдан тинди.

- Вух хулиган, деб бошимни чангаллаб озгина хазиллашиб қийнаган бўлди.

Бувим уялганидан лабини тишлаб, бошини қимирлатиб қўйди.
Шундан сўнг Галя холани анчагача кўрмадим. Бир куни ўқишдан келсам пешайвонда янги иринка ёнида шишаранг туфлича турибди. Олдинига шишаранг туфличани ўйинчоқ деб ўйлабман.

Бувим ўтирадиган жойида савлатли оқсариқ юзларига қизил-қизил сепкилча тошган, киприклари ҳам сариқ кампир ва кўк шиша кўзли қўғирчоқдек қизча ўтирибди. Уни невараси деб тахмин қилдим. Устимни алмашитириб чиқиб уларга салом бердим. Халиги кампир савлатли бўлса-да, тетиккина экан. У илдам ўрнидан қўзғалиб пешонамдан икки-уч марта ўпиб бағрига босди. Сўнг яна ойим билан гапини давом эттирди. Энди танидим бу ўзимизнинг Галя хола-ку! Уни таниган бўлсамда ойим қайта таништирди.

- Бу хотин Россиядаги бувинг бўладилар, исмлари Галя хола. Эсласанг кичкиналигингда келардилар. Галя хола бурни қизариб кулиб қўйди.

- Канишна-а, бу ба-ла-ани бувисимн. Ма-а-линкий, кичкинтай бала иди.

Олдинига илғамабман, негадир Галя холани кўзлари қизарган.

Қорачиқларида ёш қалқиб турибди. У рўмолчаси билан бурнини тез-тез суртарди. Кейин билсам бувим вафот этганидан бехабар экан. Россиядан кела солиб хабарни эшитгач ўғлиникидан чой ҳам ичмай келини Наташани шас-шасига қарамай тўғри бизникига қирган экан.

У ҳар хўрсинганида:

- Ўй госпиди, яман иш бўлибтур, Сламат апа билан гаплашаман деган идим-а, деб қўярди...

Муроджон Ҳайитов

 * * * * * 

Муаллиф ҳақида: Муроджон Ҳайитов 1987 йилда Мирзаобод туманида туғилган. Унинг шу вақтга қадар “Ғаниматим” (ҳикоялар) Гулистон “Зиё” нашриёти 2010, “Сўзла, қалб...” (қисса ва ҳикоялар) Тошкент “Akademnashr” нашриёти 2011, “Зангори фасл” (ҳикоялар) ҳаммуаллифликда Тошкент “Муҳаррир” нашриёти 2012, “Сирдарё мавжлари” (ҳикоялар) “Тошкент” тафаккур нашриёти ҳаммуаллифликда китоблари ҳамда 300 дан ортиқ бадиий асарлари ва публицистик мақолалари чоп этилган.

Юқорида ёш адибнинг ҳикояларидан бири эътиборингизга ҳавола этилди.

Бизнес