error 16:07 06.09.2021 error 143

Долзарб: Мактабларда анъанавий шаклда дарслар бошлангани касалликни янада авж олишига олиб келмайдими?

Ушбу саволга Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева жавоб қайтарди, дейилади "Халқ Сўзи Online" хабарида.

«Тўғри, болалар коронавирус инфекциясининг тарқатувчиси эканлиги тўғрисида кўп бора таъкидлаб келамиз. Қачонки болалар ва уларнинг мураббийлари ҳамда ота-оналар карантин қоидаларига риоя қилмаса, бу омил касаллик тарқалишига сабаб бўлиши мумкин.

Биламизки, ҳар бир мактабда болалар саломатлиги ва ҳолатини назорат қилувчи фильтрлар мавжуд. У ерда ўқувчиларнинг тана ҳарорати ўлчанади. Болалар мактабга ниқобда бориш, қўлларни совунлаб ювиш каби қоидаларга тўлиқ риоя қилиши зарур.

Болаларга тушлик учун ота-оналар уйдан имкон қадар витаминларга бой овқатларни бериб юборишлари мақсадга мувофиқ. Шу билан бирга, ўқувчиларда кўпроқ суюқлик ичиш имкони бўлиши керак.

Ота-оналар фарзандларига мактабдан қайтгач, албатта, юз-қўлларини совун билан яхшилаб ювиши зарурлигини ўргатиши лозим. Шунингдек, болалар уйда устки кийимларини ечганларидан кейин, томоқ ва бурунларини оддий илиқ сувда 2-3 марта чайганидан сўнггина оила аъзолари ёнига кирсалар, уларни ҳимоялаган бўлади.

Шу ўринда, мамлакатимизда вакцинация жараёнларининг дастлабки босқичларида халқ таълими ва мактабгача таълим муассасалари ходимларини эмлашга бежиз алоҳида эътибор қаратилмаганлигини таъкидлаш керак. Ҳозирда мактаб ўқитувчилари ва бошқа ходимларнинг деярли барчаси вакцина олган. Табиийки, бу уларнинг COVID-19 коронавирус инфекциясидан ҳимояланганлигини билдиради», — деди Севара Убайдуллаева.

Бизнес