error 11:23 03.08.2021 error 165

Ширин шаҳрида “Ёшлар дафтари”даги яна икки нафар ёшнинг бандлиги таъминланди

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”нинг ташкил қилиниши бугунги кунда кам таъминланган, эҳтиёжманд, имконияти чекланган ҳамда ҳаётда ўз ўрнини топишга қийналаётган барча аҳоли қатламини қамраб олмоқда. Бунинг натижасида қонуности ҳужжатлар асосида юқорида келтирилган учала дафтарга киритилган фуқароларнинг барчасига маълум йўналиш бўйича давлатимиз томонидан ёрдам кўрсатилмоқда. Бу эса албатта, аҳолининг ҳаёти фаровон бўлишига хизмат қилади.

Жорий йилнинг 2-август куни Ширин шаҳрида “Ёшлар дафтари”га киритилган яна икки нафар ёшларга субсидия ажратилиб, уларнинг бандлиги таъминланишига эришилди.

Ширин шаҳар Дўстлик маҳалласида яшовчи Музаффар Мадиев “Ёшлар дафтари”га киритилган, у АКТ соҳасига қизиқиб келади, шу кунга қадар аниматсион графикалар билан ишлаш кўникмасини мустақил ўзлашитириб келган. Бироқ унинг шахсий компютери йўқлиги сабабли ўз билим малакасини оширишга қийналар эди. Ширин шаҳар ҳокимлиги ҳамда ёшлар ишлари агентлиги шаҳар бўлими билан ҳамкорликда “Ёшлар дафтари” жамғармаси ҳисобидан Музаффарга янги, замонавий компютер жамланмаси топширилди.

Шунингдек, Мирзо Улуғбек маҳалласида яшовчи Зуҳрахон Худойқулова ҳам “Ёшлар дафтари”да рўйхатда туради. Зуҳрахон тикувчилик сир-асрорларини ўрганган. Бироқ унинг шахсий тикув машинкаси бўлмаганлиги сабабли ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун моддий жиҳатдан бироз қийналаётган эди. Унга ҳам жамғарма ҳисобидан тикув машинка жамланмаси берилди. Эндиликда Зуҳрахон ҳам тикувчилик фаолияти билан кенгроқ шуғулланиб, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши мумкин.

Давлатимиз томонидан берилган бундай ғамхўрлик натижаси ўлароқ, бу икки нафар ёшлар эндиликда ўз фаолиятларини кенгайтириб, аҳолига хизмат кўрсатишлари мумкин.

Ширин шаҳрида ёшлар бандлигини таъминлаш юзасидан барча чоралар қўлланилиб келинмоқда.

Ширин шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати

Бизнес