error 14:55 08.09.2021 error 219

Ўзбекистон Афғонистонда «Толибон» томонидан муваққат ҳукумат тузилганини олқишлади

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили «Толибон» ҳаракати Афғонистон ҳукуматининг янги таркибини эълон қилгани юзасидан баёнот берди. Баёнотда таъкидланишича, Ўзбекистон Афғонистонда муваққат ҳукумат тузилганини олқишлайди, дейилади «Дарё» хабарида.

«Умид қиламизки, мазкур қарор мамлакатда кенг кўламли миллий келишувга эришилиши ҳамда мустаҳкам тинчлик ва барқарорлик ўрнатилиши томон илк қадам бўлиб қолади. Афғонистоннинг янги давлат идоралари билан конструктив мулоқот ва амалий ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрлигимизни билдирамиз», — деб ёзади ТИВ расмий вакили.

Эслатиб ўтамиз, 7 сентябрь куни Вазирлар Маҳкамасининг аъзолари рўйхатини гуруҳнинг расмий вакили Забиҳулло Мужоҳид оммага тақдим қилган, унинг ўзи ҳукуматда маданият ва ахборот вазири лавозимини эгаллайди.

Маълумотларга кўра, Муҳаммад Ҳасан Оҳунд «Толибон» тузган янги ҳукуматнинг раҳбари бўлади. Оҳунд «Толибон» етакчиларининг раҳбари ҳисобланарди ва аввалги АҚШ ҳомийлигидаги ҳукумат қўшинига қарши урушда гуруҳни бошқарган. Қандаҳорлик етакчи «Толибон» асосчиларидан бири ҳисобланади.

Мулла Абдул Ғани Бародар бош вазир ўринбосари бўлади, у «Толибон»нинг сиёсий қанотига раҳбарлик қилган.

«Ҳаққоний тармоғи» террорчилик гуруҳи асосчисининг ўғли Сирожуддин Ҳаққоний Ички ишлар вазири лавозимини эгаллайди. «Толибон» асосчиларидан бирининг ўғли Умар Ёқуб мудофаа вазири бўлади. Ташқи сиёсий идора (Ташқи ишлар вазирлиги) раҳбарлиги Амир Хон Муттақийга ишониб топширилади. Разведка вазирлигига Абдул Ҳақ Восиқ раҳбарлик қилади. У 2002—2014 йилларда АҚШда асирда бўлиб қайтган ва Гуантанамо қамоқхонасида жазо муддатини ўтаган. Кейинчалик Абдул Ҳақ Восиқни «Ҳаққоний тармоғи» гуруҳи асирга олган АҚШ ҳарбийсига алмаштиришган.

Бизнес