error 16:52 27.08.2021 error 341

Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев сирдарёлик ёш лидерлар билан учрашди (фото)

Хабарингиз бор шу йилнинг 30 июн куни ўтказилган “Ёшлар ва талабалар форуми”да муҳтарам Президентимиз барча ўғил-қизларни “Ёшлар куни” билан табрикларкан, иқтидорли ёшлар орасидан янги авлод захира кадрлари – “Келажак лидерлари”ни шакллантиришни таъкидлаган эдилар.

Шу мақсадда жойларда “Келажак лидерлари” клубини ташкил этиш юзасидан қизғин тараддуд кўрилди. Жумладан, Сирдарё вилоятида ҳам  вилоят ҳокими Ғ.Мирзаевнинг “Сирдарё вилоятида “Келажак лидерлари” клубини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан “Келажак лидерлари” клуби аъзоларини аниқлашга старт берилиб, бу вазифа белгиланган мезонлар асосида босқичма-босқич амалга оширилди.

Танлов кенг оммага эълон қилингач, клубга аъзо бўлиш истагида бўлган 372 нафар ўғил-қизлардан ариза келиб тушди. Номзодларнинг ариза ва ҳужжатлари ўрганиб чиқилиб, танлов талабларига мос келувчи 138 нафар ёшлар саралаб олинди. Навбат тест синовларига келди. Иккичи босқичдан 59 нафар умидли ёшлар муваффақиятли ўтдилар. Шундан сўнг иштирокчилар танловнинг учинчи – эссе ёзиш босқичида билим ва ижодкорлик маҳоратларини синовдан ўтказишди. Синов натижаларига кўра 55 нафар иштирокчининг ёзма ишлари маъқулланди.

Икки кун давомида ўтказилган танловнинг якуний босқичи 11 август куни ниҳоясига етди. Танловда мутасадди ташкилотлар вакиллари номзодлар билан бирма-бир суҳбатлашиб чиқишди. Шу тариқа уларнинг лидерлик салоҳияти, таҳлилий кўникмалари, ташкилотчилик қобилияти ва шахсий ривожланиш каби компетенсиялари бўйича синовдан ўтказилди. Тўрт босқичли синовларда номзодлар сараланиб, “Келажак лидерлари” клуби аъзолигига 40 нафар ўғил-қизлар қабул қилинди.

Жорий йил 26 август куни Сирдарё вилоятида “Келажак лидерлари” клубининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.

Очилиш маросимида вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Департамент мудири Б.Мирусманов ҳамда вилоят ташкилотлари раҳбарлари иштирок этди.

Вилоят раҳбари иқтидорли ёшларга юрт равнақи йўлидаги фаолиятларида омад тилар экан, ҳар бирлари олиб борилаётган ислоҳотлар марказида бўлиб, янгидан янги муваффақиятларга эришишимизга муносиб ҳисса қўшувчилар қаторида бўлишларига ишонишини таъкидлади.

–Ҳар бирингиз олдингизга қўйган мақсадингизга эришиш учун изланишдан тўхтамаслигингиз керак, –деди Ғофуржон Мирзаев. –Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан сиз – ёшларга жуда кўплаб имкониятлар эшиклари очиб берилаяпти. Бу қулайликлардан унумли фойдаланиб, эл-юрт корига ярайдиган, Ватанимизга ҳақиқий жонкуяр, садоқатли фарзанд бўлиб хизмат қилишларингиз даркор.

Маросимда аъзоларга “Келажак лидерлари” клуби нишони ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Эндиликда клуб фаолияти доирасида аъзоларнинг раҳбарлик салоҳиятини ошириш, уларда ижобий кўникмаларини ҳосил қилишлари учун ўқув машғулотлари билан бир қаторда “Ҳоким билан бир кун”, “Дублёр”, “Aгентликда бир кун”, “Давлат ташкилотларида стажировка” каби лойиҳалар ҳамда бошқа тадбирлар ташкиллаштирилади.

Сирдарё вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати

Бизнес