error 23:43 05.11.2021 error 326

Ўзбекистондан Жанубий Кореяга меҳнат мигрантларини қачондан қабул қилиш бошланиши тўғрисида расмий маълумот берилди

Жанубий Корея Бандлик ва меҳнат вазирлиги расмий баёнотига кўра, 2021 йилнинг ноябрь ойи охирида ишчи кучини жўнатувчи барча давлатлар, шу жумладан, Ўзбекистондан E-9 ишчи визаси билан меҳнат мигрантларини қабул қилиш жараёни тикланиши режалаштирилган. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги маълум қилди, дейилади «Дарё» хабарида.

Бунинг учун фуқаролардан:

Жанубий Кореяда тан олинган вакциналар (AstraZeneca, Moderna, Pfizer, Sinovac, Sinopharm, Janssen)дан бири билан Кореяга кириб боришдан камида 14 кун олдин тўлиқ эмланган бўлиши;

Жанубий Кореянинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан тан олинган лабораториялар (Korea No 1 Laboratory, SWISS LAB, De Factum Laboratoriyes, Intermed Innovation) дан бирида Кореяга кириб боришдан олдин 72 соат ичида ПЗР тест топширган ва тест натижаси манфий бўлиши талаб этилади.

Шунингдек, Кореяга кириб борган меҳнат мигрантлари аввалгидек 14 кун эмас, балки 10 кунлик карантин даврини ўташи лозим бўлади.

Жанубий Корея Инсон ресурсларини ривожлантириш хизматининг маълум қилишича, Ўзбекистондан меҳнат мигрантларининг E-9 ишчи визаси билан кириб бориш тартиби ва сони бўйича маълумот Кореянинг Ўзбекистондаги ЭПС маркази орқали қўшимча етказилади.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилдаги эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб меҳнат таътили олиб келган ва шартнома лойиҳасини олган фуқароларнинг Жанубий Кореяга меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетиш имконияти чекланган эди. 2021 йилнинг февраль ойи бошларида Жанубий Корея Ўзбекистонни коронавирус бўйича хавфли давлатлар рўйхатидан чиқарганди.

Бизнес