error 11:32 08.11.2021 error 132

Сирдарё вилояти мусиқали драма театрининг қадрдон томошабини яна театрга қайтди (фото)

Театр ва томошабин ҳақида гап кетганда ҳозирги техника ривожланган даврда унинг ўрнини телевидение, интернет ёки бошқа воситалар эгаллаши, саҳна асарлари кўриш учун томошабинларнинг театрга ташрифи гумон эканлиги хусусидаги башоратлар тез-тез қулоғимизга чалиниб туради. Бироқ бир неча асрлардан буён жозибаси, мазмундорлиги, режиссёрларнинг фантазиялари, актёрларнинг маҳорати ва жонли ҳис туйғуларнинг қалблардан қалбларга кўчиши жараёнлари билан ўзига мафтун қилиб келаётган бу сирли оламнинг абадий барҳаёт эканлигини республикамиздаги кўплаб театрлар қатори Сирдарё вилояти мусиқали драма театри фаолияти мисолида ҳам кўришимиз мумкин.

Таъкидлаб ўтиш жоизки Сирдарё вилояти мусиқали драма театрининг муҳташам биноси сўнги беш йил давомида томошабинларга хизмат қила олмади. Бу эса биноноинг капитал таъмирланиши, таъмир жараёни ниҳояланиши билан эса кутилмаганда пандемия туфайли карантин элон қилиниши билан боғлиқ бўлди. Гарчи театр жамоаси бу ўтган вақт мобайнида бир зум ҳам ижоддан тўхтамай, кичикроқ залларда бўлса ҳам янгидан-янги саҳна асарларини саҳналаштириб, вилоят марказидан тортиб чекка туманларгача, пойтахт ва бошқа вилоятлардан тортиб халқаро фестивалларгача турли спектаклларини намойиш этиб, катта ютуқларни қўлга киритиб келишган бўлсада, эндиликда улар олдида ўз биноларига қадрдон томошабинларини қайтариш муҳим ва зарур эди. Хўш, бу масала қандай ҳал этилди? Театрга томошабинлар қай тарзда жалб этилди? Яна эски услубга кўра ўқув муассасалари ва ташкилотларни мажбуран ташкиллаштириш орқалими, деган саволга айни пайтда театр ижодкорлари мамнунлик билан “йўқ, бугун театрга томошабинларимиз ўз ихтиёри билан ташриф буюриб, театр кассасидан чипта харид қилиб киряпти”, -дея баралла жавоб берадилар. Бу муболаға эмас... Чиндан ҳам томошабинларнинг театрни соғинганлиги ва бу санъат турига ҳар доим эҳтиёж мавжуд эканлигига Сирдарё театри кассаси олдида бир зум кузатсангиз, ўзингиз амин бўласиз. 

Театрнинг ташаббускор раҳбари Д.Мирзалиев ва жамоа аъзолари ана шундай натижага эришгунга қадар пухта режа асосида ўз фаолиятларини бошладилар. Энг аввало ойлик репертуарни шакллантириш масаласи, театр бадиий кенгашида муҳокама қилиниб, рўйхатда мавжуд йигирмадан ошиқ саҳна асарлари орасидан энг саралари танлаб олинди ва ҳафтанинг сешанба ҳамда шанба кунлари кеч соат 18.00 да намойиш этишга келишиб олинди. Тан олиб айтиш керакки дастлабки кунлари спектаклларга томошабин келармикан, деган ҳадик театрнинг барча ижодкорларида мавжуд эди. Аввалига ўн, ўн беш нафар томошабин ташрифидан қатъий назар уларга астойидил хизмат кўрсатилиб, спектакллар юқори савияда ижро этилди. Қарабсизки навбатдаги ҳафта кунларида томошабинлар сафи сезиларли даражада ўсди. Албатта бу борада тарғибот ва рекламанинг деярли барча усулларидан фойдаланиш, ойлик репертуар ва спектакллар афишаларини мунтазам элон қилиб бориш зарур эди. Ижтимоий тармоқ орқали бериладиган эълонлар бугунги кунда энг самарали усуллардан бири бўлганлиги боис театрнинг матбуот хизмати ана шу омилдан фойдаланган ҳолда қисқа фурсат ичида @sirdaryoteatri гуруҳига уч минга яқин томошабинни қамраб олди. Тармоқ орқали спектакллар афишаларини элон қилиш билан бир қаторда савол-жавоблар, томошабинларнинг таклиф ва мулоҳазаларини ўрганиш, ҳатто намойиш этилган спектаклларнинг муҳокамалари ҳам йўлга қўйилди. Навбатдаги ойдан бошлаб эса томошабинларнинг талабига биноан ҳафтанинг беш кунида спектакллар намойиш этилиши бошланди. Илгари театр ташкилотчилари ташкилот ва муассасалар эшигини қоқиб боришган бўлса, эндиликда уларнинг ўзлари спектаклларга жамоавий ташриф буюришни ихтиёр этиб мурожаат қилишмоқда.Эришилган натижалар театр жамоасидан янада масъулият ва изланишни, мавжуд спектакллар савияси, сифати ҳақида мунтазам иш олиб бориш, янги ва замонавий спектакллар билан театр репертуарини бойитиб бориш, томошабинларга ҳар томонлама қулай шароитларни яратишни тақозо этмоқда.

Театрнинг ижодий жараёни меъёр ва маромда бўлишида режиссёрнинг ўрни беқиёс эканлиги барчага маълум. Сидарё театрга саҳналаштирувчи режиссёр Нигора Ғойибназарованинг ташрифи янги муҳит, янгича ижодий поғоналарни кашф этди. Қисқа фурсат давомида ёш иқтидорли режиссёр томонидан саҳна юзини кўрган “Каккули соат”(Л.Филатов), “Кўча болалари”(Ш.Бошбеков), “Момо ер”(Ч.Айтматов), “Отамдан қолган далалар”(Т.Мурод), “Яхши кун”(М.Қодиров) “Хусрав ва Ширин”(Н.Ганжавий), “Аҳли жаҳондин яхшилиғ”(П.Қодиров) каби қатор спектакллар ўзининг замонавий шаклу-шамойили, дунё театрларининг тажрибаларини ўзида мужассам этганлиги, чуқур маъно, моҳиятлилик касб этиб, репертуардан муносиб ўрин эгаллаши билан бир қаторда, томошабинларнинг ҳам қалбини забт эта олди.

Бундан ташқари Сирдарё театрида бир неча йил бош режиссёр лавозимида фаолият юритган ёш режиссёр Мансур Холиқов томонидан саҳналаштирилган “Инсон ўзинг...”, “Инсонликка номзод”, “Матмуса”, “Қўш арава юки”, “Сарвқомат дилбарим” каби спектакллар аллақачон томошабинларнинг севимли саҳна асарига айланиб, ушбу томошаларга такрор-такрор келаётганликлари айни ҳақиқат. Айниқса ёш томошабинлар учун мўлжалланган эртак-спектаклларга болажонларнинг иштиёқ билан тўлиб-тошиб келишлари, завқ билан томошани еузатишлари, мурғак қалблардаги театрга бўлган қизиқишни кўриб беихтиёр шодланасан киши.

 

Олдинда эса театр жамосининг улкан режа ва мақсадлари ўзига хос масъулияти билан қарши олмоқда. Республикамизнинг таниқли режиссёр ва актёрлари билан ҳамкорликда томошабинларга манзур бўладиган спектакллар саҳналаштириш, мамлакатимиз ва халқаро театр фестивалларида муносиб иштирок этиш, гастрол сафарларини юқори савияда ташкил этиш йўлида театр жамоаси дадил қадамларини қўймоқда.

 

 

 

Барибир театр биносига вақт ва маблағ ажратиб, маданий ҳордиқ, маънавий озуқа илинжида ташриф буюраётган томошабинларни юксак даражада қадрлаб, юқори бадиий савияли спектакль ва томошалар билан хушнуд этиш, уларнинг қалбидаги театрга бўлган муҳаббатни янада мустаҳкамлаш энг асосий ва муҳим вазифалигича қолаверади.

Қандиёр Рустамов,
Сирдарё вилояти мусиқали драма театри

Бизнес