error 17:46 10.10.2021 error 137

Боғдодда белбоғли кураш бўйича Ўзбекистон кубоги якунланди. Жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритган сирдарёлик Юлдуз Абдуллаева — яна ўз вазн тоифасида ғолиб чиқди

8-9 октябрь кунлари Фарғона вилоятининг Боғдод туманидаги болалар-ўсмирлар спорт мактабида белбоғли кураш бўйича 2003-2004 йилда туғилган ўғил болалар ва қизлар ўртасида Ўзбекистон кубоги беллашувлари ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон белбоғли кураш федерациясининг йиллик – тақвим режасидаги мазкур мусобақада Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардан 300 нафарга яқин ёш полвонлар ғолиблик учун кураш тушишди. Мамлакат кубогида ўғил болалар белбоғли курашнинг эркин ва классик йўналишларида 11 та вазн тоифасида, қизлар эса эркин йўналишда 7 та вазн тоифасида совринли ўринлар учун беллашди.

Икки кун давом этган беллашувлар якунида классик йўналишда ўғил болалар ўртасида фарғоналик Ойбек Содиқов, Бунёд Расулов, Ҳаётбек Камолиддинов, Фаёзбек Абдуғаффоров, Ойбек Муҳаммедов, Баҳодир Меҳмонов, наманганлик Жамолиддин Неъматуллаев, Исмоил Умрзоқов, Муроджон Собиржонов, андижонлик Ҳасанбой Тўхтасинов ва Бекзод Камолиддинов ўз вазн тоифасида ғолибликка эришди.

Эркин йўналишда эса наманганлик Қувонч Эрмухаммедов, Нодирбек Турғунпўлатов, Жаҳонгир Низомиддинов, Тошкент вилояти вакиллари Амирхон Абдуқаҳҳоров, Шаҳзод Усмонов, андижонлик Аҳмадали Солиев, бухоролик Тошпўлат Асадов ҳамда мезбон спортчилар Шохжаҳон Маматкаримов, Ҳасанбой Абдусобиров, Иномжон Янгибоев ва Бобур Мадаминов ғолибликка эришди.

Қизлар ўртасида қорақалпоғистонлик Молдир Алимбаева, Лаззат Толипбергенова, наманганлик Зулайхо Абдужабборова, Ясмина Содиқова, Қизлархон Ҳусанова, сирдарёлик Юлдуз Абдуллаева ва мезбонлар вакили Ўғилой Салимова ўз вазн тоифасида ғолиб чиқди.

Беллашув якунида кучли учликдан жой олган полвонлар мусобақа ташкилотчилари томонидан медаль, диплом ва қимматбаҳо эсдалик совғалари билан мукофотланди.

10 октябрь куни Боғдод туманидаги БЎСМ стадионида белбоғли кураш бўйича яна бир қизғин беллашув ўтказилади. Шу куни Боғдод тумани ҳокими соврини учун катталар ўртасида 60, 70, 80, 90, +90 кг. вазн тоифалари бўйича очиқ турнир ташкил этилади.

Эслатиб ўтамиз, аввал хабар берганимиздек, 28-29 июнь кунлари Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида ўтказилган Белбоғли кураш спорт тури бўйича Ўзбекистон чемпионати ва МДҲ давлатлари ўртасида жаҳон чемпионатига саралаш мусобақаси бўлиб ўтганди.

Унда 2 нафар боёвутлик спортчи қизларимиз Фарангиз Абдунабиева фахрли 1-ўринни, Юлдуз Абдуллаева фахрли 3-ўринни эгаллаб, жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритишди.

Бизнес