error 15:06 21.07.2021 error 289

Сирдарёда коронавирус инфекцияси билан касалланганлар ва соғайганлар сони ошди — пневмония касаллиги билан касалланганлар сони эса 32 нафарга етди (рақамлар)

Коронавирус пандемияси сабаб Соғлиқни сақлаш вазирининг тегишли топшириғига биноан Сирдарё вилоятига бириктирилган Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази директори, профессор Наргиза Парпиева куни кеча «Алпомиш» спорт комплексида бўлиб, у ерда даволанаётган беморларни соғлиғини кўздан кечирди.

Мазкур муассасада ишлаётган шифокор ва ҳамшираларга касалликка чалинган беморларга тиббий хизмат кўрсатиш бўйича амалий тавсия ва кўрсатма берди.

Бу ишлар ўз натижасини кўрсатмасдан қолмаяпти. У кишининг амалий ёрдамлари, шифокор ва ҳамширалар саъйи ҳаракати туфайли коронавирус инфекцияси билан касалланган ва Янгиер шаҳар тиббиёт бирлашмасида, Вилоят юқумли касалликлар шифохонасида, «Алпомиш» спорт комплексида даволанаётган беморларни даволаниш муддати қисқариб, ўртача 6-7 кунни ташкил қилмоқда.

Шу саъйи ҳаракатлар боис Сирдарёда 16 июль куни 53 нафар, 17 июль куни 59 нафар, 18 июль куни 60 нафар, 19 июль куни 70 нафар, 20 июль куни 45 нафар бемор соғломлаштирилди ва оилалари бағрига қайтишди.

-Тўғрисини айтиш керак. Коронавирус мутацияга учраб кун сайин ўз тури, ўз шамойилини ўзгартирмоқда. Қатъий карантин қоидаларига риоя этмас эканмиз, вирус таъсирдан, унинг ҳужумидан бир зум бўлсада қутила олмаймиз. Бунинг учун карантин қоидаларига риоя этиб, зарур чораларни кўрмоғимиз шарт. Ана шунда ўзимизни ва яқинларимизни ҳаётини вирус хавфидан ҳимоя қила оламиз. Вакцинация эса бу муаммони оқилона ечими. Буни унутмаслигимиз лозим,-дейди профессор Наргиза Парпиева.

Айни вақтда коронавирус инфекциясини юқтирганлар сони Сирдарёда яна ошди. Янгиер шаҳар тиббиёт бирлашмасида даволанаётган беморлар сони 55 нафарга, «Алпомиш» спорт комплексида даволанаётган беморлар сони 299 нафарга, вилоят юқумли касалликлар шифохонасида даволанаётган беморлар сони 130 нафарга етди.

19 июль ҳолатига вилоят аҳолиси орасида 23 та коронавирус инфекцияси юқиши билан боғлиқ ҳолат аниқланган бўлса, пневмония касаллиги билан касалланган фуқаролар 94 нафарга, 20 июль ҳолатига эса 24 нафар фуқарода коронавирус инфекцияси аниқланган бўлса, пневмония касаллиги билан касалланганлар сони эса 32 нафарга етди.

Вилоятда коронавирус пандемияси сабаб қатъий карантин чоралари кучайтирилган. Кўнгил очар масканлар, хиёбон ва истироҳат боғларида айланишлар, дам олишлар тўхтатилган бўлса, оммавий тадбир, йиғилиш, туй ўтказиш бўйича маълум бир чегара чизиқлари тортилди. Шифокор ва ҳамширалар томонидан нафақат шифо масканида, аҳоли яшаш жойларида, карантин қоидаларига оид тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда. Бу эса Сирдарёда ўз натижасини бермасдан қолмаяпти. 

Ғулом ПРИМОВ,
Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси Ахборот хизмати

Бизнес