error 23:06 06.06.2021 error 87

Фарғонада сохта ПЦР-тест натижаларини 100 минг сўмга сотиш билан шуғулланган шахс ушланди

Фото: ИИВ Транспортда хавсизликни таъминлаш бош бошқармаси

Фарғонада Қирғизистон орқали ўтувчи фуқароларга сохта ПЦР-тест таҳлили натижасини сотиш билан шуғулланган 27 ёшли йигит қўлга олинди. Бу ҳақда ИИВ Транспортда хавсизликни таъминлаш бош бошқармаси матбуот хизмати хабар берди, дейилади «Дарё» хабарида.

Маълум қилинишича, 4 июнь куни Фарғона вилоятида яшовчи «А» исмли фуқаро Фарғона вилояти ИИБ ТХТБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилиб, вилоятнинг Қувасой шаҳар ҳудудида жойлашган чегара маскани ёнида COVID-19 тест марказида ишловчи «Б» исмли шахс Қирғизистон орқали ўтувчи фуқароларга COVID-19 маълумотномасини ҳеч қандай ПЦР-таҳлилни олмасдан, ноқонуний равишда пул эвазига сохта маълумотнома тайёрлаб бераётганлигини маълум қилиб, ҳолат юзасидан қонуний чора кўришни сўраган.

Мазкур ариза юзасидан шу куни Фарғона вилояти ИИБ ТХТБ ЖҚБ ходимлари томонидан олиб борилган тадбир давомида Фарғона вилояти Тошлоқ туманида жойлашган «Соғлом келажак сирлари—2019» МЧЖнинг филиалида фельдшер бўлиб ишловчи 27 ёшли Б.М. 100 минг сўм эвазига тадбирга жалб этилган «А» исмли фуқарога ПЦР-таҳлилни олмасдан COVID-19 маълумотномаси бўйича сохта ҳужжатларни бераётганида ушланган.

Аввалроқ Фарғонада сохта ПЦР-тест маълумотномаси ва Россияда даволаниш учун таклифнома сотиш билан шуғулланган шахс қўлга олингани, Наманган ва Самарқандда сохта ПЦР-тестларни сотаётган шахслар ушлангани, Деновда сохта ПЦР-тест натижаларини сотиш билан шуғулланган тиббиёт ходимлари қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.

Бизнес