error 15:49 07.06.2021 error 177

Ўзбекистонда «Қарабтеп» (“ланка”) халқ ўйини спорт федерацияси ташкил этилади

Суратда сирдарёлик 2019 йилги «Мард ўғлон» давлат мукофоти совриндори Жавоҳир Қурбонов

Туризм ва спорт вазирлигида ўтказилган давра суҳбати эса мамлакатимиз бўйлаб «Қарабтеп» халқ ўйини мусобақаларининг ташкил этилишига бағишланди, дейилади "Халқ Сўзи Online" хабарида.

Қайд этилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 25 майдаги йиғилиш баёни билан 2021 йилнинг июнь-июль ойларида мамлакатимизда миллий қадриятларимиздан бўлган «Қарабтеп» халқ ўйини мусобақаларини ўтказиш белгилаб қўйилган.

Тадбирда сўз олган Туризм ва спорт вазирининг ўринбосари Авазжон Каримов «Қарабтеп» халқ ўйинининг инсон саломатлигини мустаҳкамлашдаги ўрни ва аҳамиятига тўхталиб, худди шу кўринишдаги жисмоний ҳаракатлар хорижий давлатлар, жумладан Хитойда жуда кенг оммалашгани, шу сабабли уларда аҳолининг саломатлик даражаси анча юқори эканлигини алоҳида эътироф этди. Ўз навбатида Ҳукуматимизнинг «Қарабтеп» халқ ўйинини аҳолининг турли қатламлари, айниқса ёшлар орасида оммалаштириш борасидаги ташаббусини қўллаб-қувватлашини билдирди.

Давра суҳбатига раислик қилган Ўзбекистон Полвонлар Миллий маркази раиси Норқули Юсупов июнь-июль ойларида мамлакатимиз бўйлаб «Қарабтеп» халқ ўйини мусобақаларини юқори савияда ташкил этишда ҳамкор ташкилотларни амалий ёрдам кўрсатишга чақирди.

Шунингдек, давра суҳбатида бир қанча шакллардаги «Қарабтеп» халқ ўйинининг асосий иш қуроли – «Тепки»лар ҳам намойиш этилди. Унда соҳа мутахассислари маҳаллий аҳоли томонидан яратилган «тепки»га юқори баҳо бериб, уни кенг оммалаштириш ва «ўзбек бренди» сифатида дунёга кенг тарғиб қилиш борасида ўз тавсияларини билдирди.

Давра суҳбатида Ўзбекистон «Қарабтеп» халқ ўйини спорт федерациясини ташкил этишга қарор қилинди. Бундан кўзланган мақсад, «Қарабтеп»ни оддий халқ ўйини эмас, балки спорт тури сифатида янада оммалаштириш ва албатта яқин келажакда жаҳонга олиб чиқишдан иборат.

Дарвоқе, тадбирда июнь-июль ойларида мамлакатимиз бўйлаб ташкил этилаётган «Қарабтеп» халқ ўйини мусобақаларига республикамизнинг камида 5 миллион кишилик аҳолиси қамраб олиниши режалаштирилаётганлиги ҳам маълум қилинди.

Бизнес