error 22:31 11.09.2021 error 261

11 сентябрь: расмий нуқтаи назарни инкор этувчи қарашлар

11 сентябрь фожиасида 92 давлат вакиллари – 2977 киши ҳалок бўлган

«Xabar.uz» | Бундан роппа-роса 20 йил аввал – 2001 йил 11 сентябрь куни АҚШда қарийб 3000 кишининг ҳаётига зомин бўлган террорчилик ҳаракатлари содир этилди. 19 кишидан иборат террорчилар гуруҳи 4 самолётни ўғирлашга муваффақ бўлган. АҚШ расмий идоралари самолётларни ўғирлаш ва кўп сонли тинч аҳоли ўлимида «Ал-Қоида» террор ташкилоти аъзоларини айблаган. Орадан салкам чорак аср ўтса-да, расмий версияни рад этувчи тахмин-қарашлар ҳамон янграб турибди.

Энг кенг тарқалган фаразга кўра, Жорж Буш маъмурияти Афғонистонда уруш бошлаш учун терактлар ҳақида аввалдан маълумотга эга бўлса-да, керакли чораларни кўрмаган. Жумладан, «911Truth.org» сайтида фитна назариясини ёдга солувчи кўплаб даъволар илгари сурилган.

11 сентябрь фожиаларига 20 йил тўлган кунларда жаҳон матбуоти расмий нуқтаи назарга зид бўлган қарашларга ҳам эътибор қаратди. Қуйида бу борадаги айрим даъволар ва уларга изоҳлар баён этилади.

Президент Жорж Бушга Жаҳон савдо маркази биносига самолёт келиб урилгани маълум қилинмоқда

Назария: АҚШ ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари ўғирланган самолётларни қўлга олиш ёки уриб тушириш учун қирувчи самолётларни вақтида сафарбар этмаган. Чунки президент Жорж Буш террорчилар ўз мақсадига етиши учун атайин шароит яратиб берган.

Изоҳ: «American Airlines» ширкатига тегишли самолёт Нью-Йоркдаги эгизак минораларнинг бирига бориб урилганидан 7 дақиқа ўтиб, қирувчи самолётлар ҳавога кўтарилган. Аммо ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари раҳбарияти нечта самолёт ўғирланганини аниқ билмаган. Қолаверса, самолёт ўғирлангани ҳақида сафарбаргарлик (тревога) эълон қилиш учун маълум вақт кетиб қолган: фавқулодда ҳолат ҳақидаги хабар оператордан то федерал идоралар раҳбарларига етиб боргунча қадар муайян фурсат талаб этилган. 

Назария: АҚШ энг илғор радиолокация тизимига эга бўлса-да, ўғирланган самолётлар ҳаракатига негадир тўсқинлик қилинмаган. Демак, юқори мартабали мулозимлар учоқларнинг жонли нишонга урилишидан манфаатдор эди.

Изоҳ:  Cамолётларни гаровга олган террорчилар унинг ҳаракат йўналиши ҳақида хабар берувчи қурилма – транспондерларни ўчириб қўйган. Бу эса айнан қайси самолётлар ўғирланганини аниқлашни қийинлаштирган. Гап шундаки, ўша пайтда ҳавода тўрт ярим мингдан зиёд самолёт парвоз қилаётган эди.

Назария: Жаҳон савдо ташкилоти биноси самолёт зарбасидан кейин худди қумдан тикланган минора каби қулаган. Мустаҳкам бино кўз очиб юмгунча ер билан яксон қилинганини унга бомба ўрнатилгани билан изоҳлаш мумкин. 

Изоҳ: Cамолётлар бинога урилгач, биринчидан, кучли портлаш рўй берган. Қолаверса, жуда катта миқдордаги авиаёқилғи даҳшатли ёнғинни келтириб чиқарган ва оқибатда осмонўпар бинонинг «қовирға»лари мўртлашган.  Кейин эса занжир реакцияси рўй берган: бир қават қулаган пайтда ўз оғирлиги билан остидаги қаватларни ҳам ерга тортиб кетган.  

Назария: Пўлатдан ясалган иншоотлар кучли оловга ҳам дош беради. Аммо эгизак миноралар қулаши портлаш ҳақидаги тахминларни қўллаб-қувватлайди.

Изоҳ: Cамолёт бинога урилган пайтда иншоотда иссиқлик 1000 даражага қадар кўтарилган. Тўғри, пўлат 1500 даража иссиқда эрийди, аммо унинг мустаҳкамлиги камайиши учун 600 даража иссиқ ҳам кифоя.

АҚШ иқтисодий қудрати рамзи бўлган қўш миноранинг қулаши

Назария: АҚШ махсус хизматлари террорчилар самолётларни ўғирлашга тайёргарлик кўраётгани ҳақида аввалдан билса-да, керакли чораларни кўрмаган.

Изоҳ: 1999 йилдан Америка махсус хизмати йирик терактга тайёргарлик кўрилаётгани ҳақида маълумот олган. Аммо Марказий разведка бошқармаси теракт АҚШ ҳудудида амалга оширилишига ишонмаган, махсус хизмат Исроил ёки Саудия Арабистони террорчилар нишони бўлади деб тахмин қилган. Бошқа жиҳатдан, МРБ эҳтимолий теракт ҳақидаги маълумотни Федерал қидирув бюроси ва бошқа тузилмалар билан бўлишмаган. Кейинроқ турли хизматлар ўртасида ахборот алмашуви йўқлиги жиддий камчилик ўлароқ баҳоланган.

Бизнес