error 12:04 21.07.2021 error 218

Хитойда сув тошқини туфайли 100 минг киши эвакуация қилинди, метрони сув босиши оқибатида 12 киши ҳалок бўлди (видео)

Фото: «Дарё»

Хитойнинг Хенан провинцияси, Чженчжоу шаҳрида сув тошқини туфайли қутқарувчилар 100 мингга яқин одамни эвакуация қилди, деб ёзмоқда «РБК»га таяниб «Дарё» нашри.

Эвакуация ишлари учун ҳукумат еттита қутқарув гуруҳи, 75 та қутқарув машинаси, 40 та қайиқ, 17 та дрон, тўртта кўчма сунъий йўлдош станцияси ва 300 дан ортиқ ҳарбий хизматчини сафарбар қилди.

Тошқинларга қарши курашиш учун Хенанга 18500 дан ортиқ қутқарув ускуналари тўплами етказиб берилди. Яна еттита ҳудудда 1,8 минг мутахассисдан иборат гуруҳ ва 250 қайиқ қутқарув ишларига жўнатилди.

Чженчжоуда 20 июль куни кучли ёмғир туфайли ерости метросини сув босди. Оқибатда 12 йўловчи ҳалок бўлди, яна беш киши жароҳат олди.

Хабарларга кўра, ёмғир суви метро йўналишларидан бирининг юқорисидаги автотураргоҳда йиғилган, шундан сўнг у еростига тушиб, метро йўлини сув босган. Метрополитен қуввати ўчирилгандан сўнг, метро маъмурияти йўловчиларни эвакуация қилишни бошлаган. Ерости йўлидан тахминан 500 киши олиб чиқилган.

«Хуансю шибао» газетасининг хабар беришича, Чженчжоуда 19 июль соат 20:00 дан 20 июль 20:00 гача 552,5 мм ёғингарчилик тушган. Шу билан бирга, 16:00 дан 17:00 гача атиги бир соат ичида шаҳарда 201,9 мм ёғингарчилик  тушган. Натижада Чженчжоу ушбу кўрсаткич бўйича 60 йиллик рекордни янгилади. Шаҳарда йиллик ёғингарчилик миқдори ўртача 640,8 мм.

Шаҳар транспорт алоқалари тўхтаган, электр энергиясини етказиб беришда узилишлар кузатилмоқда. Айрим ҳудудларда электр ёки сув йўқ. Ҳукумат фавқулодда вазият режимини эълон қилди ҳамда офатларни бартараф этиш масаласини максимал даражага кўтарди.

Чженчжоуда, шунингдек, транспорт ҳаракати фалажланган, 80 та автобус йўналиши ва метро вақтинча тўхтатилган. Шаҳар аэропорти 260 та рейсни бекор қилди. Темир йўлда поездлар ҳаракати кечиктирилмоқда ёки бекор қилинмоқда. Мутахассислар 21 июль куни яна 260 мм ёғингарчилик ёғишини прогноз қилмоқда.

Хитой Коммунистик партияси раиси Си Цзиньпин воқеалар ривожига бағишланган маъруза қилди. У ҳарбийлар ва полицияни қутқарув ишларини олиб боришда ҳудудларга фаолроқ кўмаклашишга, маҳаллий ҳокимиятни эса инфратузилмани тезроқ тиклашда ёрдам беришга ва тошқин туфайли қашшоқлик ўсишининг олдини олишга чақирди.

Бизнес