error 13:23 20.09.2021 error 656

Коронавирус: Сирдарёда иккита мактабнинг айрим ўқувчилари «онлайн» таълимга ўтказилди

Аввалроқ, «Sirdaryo Xabarlari»нинг ишончли манбаси томонидан берилган хабар асосида, Боёвут тумани "Қаробчи" МФЙдаги 7-умумтаълим мактаби айрим ўқувчиларининг ўқув машғулотлари, жорий йилнинг 15-сентябрь кунидан бошлаб «онлайн» таълимга ўтказилганлиги, бунга сабаб сифатида, мактабда коронавирус инфекциясининг тарқалиши билан боғлиқ вазият эканлиги, шунингдек, бу борада Боёвут тумани санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги марказининг тегишли хулосаси қабул қилинганлиги ҳақида хабар берилганди.

Хабар шу куннинг ўзида (18-сентябрь) Сирдарё вилояти санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармасининг ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш бўлими томонидан тасдиқланди ва бу борадаги қўшимча маълумотлар ҳам тақдим қилинди.

"Ўзбекистон Республикасига Коронавирус инфекцияси кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш мақсадида, Махсус комиссиянинг 2021 йил 17 апрелдаги 69-сонли баён қарори ва Бош давлат санитария врачининг 2021 йил 21 августдаги №34-12 сонли услубий қўлланманинг 3 қисм 5 хат бошига асосан Гулистон шаҳар 12-сонли умумтаълим мактаб ҳамда Боёвут туманидаги 7-сонли умумтаълим мактабларидаги айрим синфларда касалланиш ҳолати мавжудлиги инобатга олиниб ҳудудий санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими томонидан тегишли қарор чиқарилиб 14 кунлик карантин жорий этилди. Карантин жорий этилган синфлар маълум муддатда яъни 14 кун ўқув фаолиятини онлайн тизимга ўтказади. 

Умумтаълим мактабларининг синф хоналарида зарарсизлантириш ишлари олиб борилмоқда. Карантин қоидаларига амал қилинг!", — дейилади хабарда.

Маълумот ўрнида, 2021 йил 19 сентябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 168938 (+501) нафарни ташкил этмоқда. Янги касалланиш ҳолатларининг 15 нафари Сирдарё вилоятида коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.

Бизнес