error 10:07 12.11.2021 error 142

Гулистон шаҳрида вилоят прокурорининг сайёр қабули бўлиб ўтди

Давлатимиз раҳбарининг аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини янгича ташкил қилиш юзасидан берган топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида Сирдарё вилояти прокуратураси органлари томонидан мунтазам сайёр қабуллар ўтказилмоқда.

Сирдарё вилояти прокурори Шохрух Аминов томонидан Гулистон шаҳрида ўтказилган сайёр қабул давомида 71 нафар фуқаролар иштирок этди. Улардан 30 та масалалар юзасидан мурожаатлар келиб тушган бўлиб, ушбу мурожаатларнинг 9 таси жойида қаноатлантирилди, 2 та мурожаат юзасидан ҳуқуқий тушунтириш берилди ҳамда 19 та мурожаат ижроси назоратга олинди.

Жумладан, фуқаро С.Шодиевага субсидия асосида тикувчилик дастгоҳи, О.Маркаев ва Д.Солижоновларнинг олий таълим контракт тўловларини тўлашда амалий ёрдам беришни сўраб қилган мурожаатлари жойида қаноатлантирилди. 

Шунингдек, жиноят содир этишга мойил бўлган ва профилактик ҳисобга олинган 5 нафар ёшлар билан суҳбатлашилди.

“Ёшлар дафтари”га киритилган 3 нафар ёшларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаши ва ўзини-ўзи банд қилиши учун меҳнат қуроллари ва асбоб-ускунлар ҳамда 3 нафарига ҳайдовчилик гувоҳномалари олиш учун тўлов сертификатлари топширилди.

Шундан сўнг, вилоят прокурори ҳамда шаҳар сектор раҳбарлари, мутасадди ташкилотлар раҳбарлари томонидан янги ташкил этилган боғга 300 тупдан ошиқ мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди.

Вилоят прокурорининг сайёр қабуллари давом этмоқда.

Сирдарё вилояти прокуратураси

Бизнес