error 13:52 18.10.2021 error 275

«Сизлар тенгқурларингизга ўрнак бўлаяпсизлар» — Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев “Заковат” брейн-ринг турнирида иштирок этган вилоятимиз ёшлари билан учрашди ва улар рағбатлантирилди

Мамлакатимизда эртанги кун эгалари – ёшларга таълим-тарбия бериш, уларни соғлом ва баркамол этиб вояга етказишга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётгани бежис эмас. Айниқса, илмга чанқоқ ўғил-қизларнинг сифатли билим олишларига, ўз иқтидорларини намоён этишларига барча шароитлар яратилмоқда.

“Энг яхши инвестиция – таълимга, ёшлар таълим-тарбиясига киритилган инвестиция” деган тамойилнинг илгари сурилиши натижасида хатто энг чекка ҳудудларда ҳам замонавий боғчалар, юқори технологиялар билан жиҳозланган мактаб-у лисейлар, ҳавас қилса арзийдиган олийгоҳлар барпо этилиб, муносиб педогоглар жалб қилинмоқда.

Албатта, муҳтарам Президентимиз бошчилигида ва шахсан раҳнамолигида олиб борилаётган бундай саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ ёшларимиз орасида интилувчан, изланувчан, билимга ташна ўғил-қизларимиз кун сайин ортиб бормоқда. Юртбошимиз “Ёшлар учинчи ренессанс – драйверлари” дея таъкидлаганлари ўз исботини топаяпти.

Буни биргина “Заковат” интеллектуал ўйинининг қайта тикланиши-ю унда ёшлар ўз ақл-заковатларини намойиш этаётганликларида ҳам кўриш мумкин.
Яқинда ўтказилган “Заковат” брейн-ринг турнирини барча катта қизиқиш билан кузатиб борди. Турнирда жами 16 та жамоалар орасида сирдарёлик ёшлар ҳам муносиб қатнашишди. “Заковат”да фаол иштирок этган ўғил-қизларимиз, дастлаб, Андижон жамоасини, сўнгра самарқандлик тенгдошларини мағлуб этиб, ярим финалга етиб келишди. Ярим финалда хоразмлик рақибларига имкониятни бой беришди. Сирдарёликлар гарчан финал йўлланмасини қўлга киритишмаган бўлсаларда, бошқа жамоаларга нисбатан энг ёш таркиб эканлиги билан, уларнинг ҳозиржавобликлари ва бошқа кўплаб хислатлари билан илиқ таассурот уйғотишди.

Бугун Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев “Заковат” брейн-ринг турнирида иштирок этган вилоятимиз ёшлари билан учрашди.

Вилоят ҳокими ёшларни илм олишга қизиқишини ошириш, китобхонлик маданиятини юксалтиришга қўшган ҳиссаси учун жамоа аъзоларига самимий миннатдорчилик билдириб, қимматбаҳо совғалар топширди.

Таъкидланганидек, бугун ёшлардан билим олиш, дунёқарашларини кенгайтириш, Ватанга садоқатли, ота-оналари орзуларини рўёбга чиқариб, юртимизнинг янада равнақ топиши ва ривожланишига муносиб ҳисса қўшувчи авлод бўлиб вояга етишлари лозим. Бунинг учун мамлакатимизда барча шароитлар ва имкониятлар мужассам.

–Сизлар тенгқурларингизга ўрнак бўлаяпсизлар,–деди вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев. – “Заковат” интеллектуал ўйинининг финалида муҳтарам Президентимиз “Биз халқимизни рози қилиш, инсон қадри баланд бўлган жамият қуриш йўлини танладик! Бунга эришишда бизга ким асосий таянч бўлади? Албатта, сиз каби билимли ва  ватанпарвар ёшлар” дея сиз азизларга ишонч билдирдилар. Ўз ўрнида вилоятда ҳам интеллектуал ўйинларни янада ривожлантириш учун “Заковат клуби”ни ташкил этамиз. Бунёд этилаётган муҳташам “Ёшлар маркази” биносидан клуб учун жой ажратилиб, талаб даражасида жиҳозлаймиз. Барча шарт-шароитни яратиб берамиз. Ишонаман, келгусида бундан-да юқори, бундан-да залворли муваффақиятларга эришишга қодирсизлар.

Шунингдек, “Заковат клуби”ни ташкил этишда ҳуқуқий асослар билан Низоми ва ташкилий тузилмасини ишлаб чиқиш, клубни моддий қўллаб-қувватлаш ҳамда зарур техникавий базасини яратиш бўйича мутасаддиларга қатъий топшириқ ва кўрсатмалар берди.

Тадбирда, шунингдек, Европанинг энг нуфузли олийгоҳларидан бири, 14-асрда ташкил этилган Италиянинг “Сапиентса” Рим университетига ўқишга кирган Моҳичеҳра Хурсанова ҳам вилоят ҳокимининг эътирофига сазовор бўлди.

Сирдарё вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати

Бизнес