error 09:40 19.09.2021 error 124

Сирдарё вилояти божхона бошқармасида Абу Наср Фаробийнинг ҳаёти ва ижодига бағишлаб маънавий-маърифий тадбир ўтказилди

Абу Наср Фаробий – «Шарқ Арастуси» юксак унвонига сазовор бўлган ўз даврининг буюк мутафаккирларидан бири бўлиб, унинг жаҳон маданиятига қўшган хиссаси беқиёсдир.

2021 йилнинг 18 сентябрь куни Сирдарё вилояти божхона бошқармасида айнан Абу Наср Фаробийнинг ҳаёти ва ижодига бағишлаб, Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими билан ҳамкорликда навбатдаги маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Мазкур тадбирда, Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси, Гулистон давлат университети профессори Р.Махмудов ҳамда Маънавият ва маърифат маркази Гулистон шаҳар бўлинмаси раҳбари ўринбосари Ш.Бектурдиевлар томонидан Абу Наср Фаробийнинг шахси ва ижоди, унинг жаҳон маданиятига қўшган хиссаси, шунингдек, “Фозил одамлар шаҳри” ва бошқа асарларида илгари сурилган ахлоқий тарбиянинг муҳим жиҳатлари ҳақида фикр юритилди.

Шунингдек, ўрта асрнинг бир қанча илмий ютуқлари, умуман Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларида тараққийпарвар ижтимоий-фалсафий тафаккур ривожи унинг номи билан боғлиқлиги, Фаробий ўз замонаси илмларининг барча соҳасини мукаммал билган ва бу илмлар ривожига катта хисса қўшганлиги, юнон фалсафасини шарҳлаб, дунёга кенг танитгани туфайли Шарқ мамлакатларида унинг номи улуғланиб, “Ал-муаллим ас-соний” – “Иккинчи муаллим” (Аристотелдан кейин), “Шарқ Арастуси” номи билан юритилиш бежизга эмаслиги таъкидланди.

Тадбир давомида, маърузачилар томонидан Абу Наср Фаробийнинг ўрта асрлар давридаги илми ва асарларининг бугунги кундаги ҳаётимизга қай даражада ижобий таъсир кўрсатаётганлиги мисоллар билан келтириб ўтилди.

Юқори савияда ташкил этилган мазкур тадбирда маънавият тарғиботчилари томонидан қилинган маърузалардан ходимлар ўзларига маънавий озуқа олдилар.

Сирдарё вилояти  божхона  бошқармаси Ахборот хизмати

Бизнес