error 09:42 14.09.2021 error 92

Сирдарёда давлат тиббий суғурта тизимини жорий этиш механизмларига бағишланган семинар ташкил этилди

Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида Республика давлат тиббий суғурта жамғармаси ташаббуси билан Президентнинг 2020 йил 12 ноябридаги “Соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини Сирдарё вилоятида жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, жорий йилнинг 1 июлидан Сирдарёда жорий этилган ва тажриба-синов тариқасида апробациядан ўтказилаётган давлат тиббиёт суғурта тизими ва механизмларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Семинарда Республика давлат тиббиёт суғурта жамғармаси директори Фаррух Шарипов, фонд директори ўринбосари Зоҳид Эрматов, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Файзулла Казаков ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари иштирок этди.

Улар семинарда иштирок этган Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, бошқарма тизимидаги тиббиёт муассасалари раҳбар ходимларига Сирдарёда янгитдан тажриба-синов лойиҳаси асосида жорий этилган давлат тиббиёт суғурта механизмлари билан боғлиқ ишларни жадаллаштириш ва тезлаштириш, янги тизими ҳисобига соҳада самарадорликка ва яхши натижаларга эришиш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини янада ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратишди.

Шунингдек, тиббий ёрдамнинг кафолатланган пакетлари доирасида бирламчи тиббий муассасаларга ажратилган 66 турдаги дори-дармон воситаларидан самарали ва оқилона фойдаланиш, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, тиббиёт соҳасини молиялаштириш механизмлари, замонавий бошқарув тизими ва ҳудудларда соғлиқни сақлашни ташкил этишнинг кластер моделини шакллантириш, соҳани рақамлаштириш, электрон карталар, электрон поликлиникалар, юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси бўйича ўз маслаҳат ва тавсияларини беришди.

Ғулом ПРИМОВ,
Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати

Бизнес