error 21:56 26.09.2021 error 586

Путин ва мудофаа вазири Шойгу Сибирда дам олди (фоторепортаж)

Сентябрь бошида, Приморье ва Амур вилоятига ишчи ташрифдан кейин, Россия президенти Владимир Путин Сибирда бироз вақт ҳордиқ чиқариб қайтди, деб ёзади «РБК»га таяниб «Дарё». Таътилда унга мудофаа вазири Сергей Шойгу ҳамроҳлик қилди.

Сибирда Путин ва Шойгу Саяно-Шушенский қўриқхонасини айланиб сайр қилди ва мороллар (Сибир буғулари) тўдасини учратди. «Бизни босиб кетишларига сал қолди! Ва шунчалик катта тезликда! Сакрашларини айтмайсизми! Улар Олимпия ўйинларида қатнашиши керак. Уларга ҳеч ким тенг кела олмасди», — дея ўз ҳиссиётлари билан бўлишди президент.

Тайгада Путин балиқ овлади.

Ва чўртанбалиқ тутди.

Давлат раҳбарининг матбуот котиби Дмитрий Песковнинг сўзларига кўра, тутилган балиқнинг оғирлигини ўлчашмаган. «Лекин балиқ шўрва пиширишди», — деди у.

Бундан ташқари, Путин ва Шойгу катерда ва йўлтанламас машинада сайр қилди.

Президент ва вазир денгиз сатҳидан тахминан 2 минг метр баландликка ўрнатилган чодирларда тунади.

Песковнинг сўзларига кўра, биргаликдаги ҳордиқ вақтида Путин ва Шойгу Сибирда янги шаҳарларни қуриш ғоясини муҳокама қилган бўлиши мумкин.

Мудофаа вазири бундай ташаббус билан август бошида чиққан эди. Унинг фикрича, Сибирда аҳолиси 300—500 мингдан бошланадиган бешта йирик саноат ва илм-фан марказларини яратиш керак.

Путин Тайгага таътил ўтказиш учун биринчи марта келаётгани йўқ. Ўтган сафар бу ерга Шойгу билан март ойида келганди. Ўшанда Песков «Путин таътилда ўзи билан ядро жомадончасини олиб юрадими?» — деган саволга ҳордиқ чоғида президентда барча зарур алоқа воситалари бўлади, дея жавоб берган эди.

Россия президенти Сибир ўрмонларига тез-тез сафар қилиб туради. Хусусан, 2018 йилда Сергей Шойгу ва федерал хавфсизлик хизмати директори Александр Бортников билан бирга тоғда сайр қилган, шанба ва якшанба кунларини Енисейда ўтказган эди.

2017 йилда эса Сергей Шойгу, шунингдек, Тува раҳбари Шолбан Кара-оол ва Хакасия раҳбари Виктор Зимин ҳамроҳлигида тоғ кўлларида балиқ тутган, дарёларда моторли қайиқларда юрган, квадроциклда ва пиёда тоғдан тоғга кўчиб юрган. Таътил чоғида Путин гўшт қовуришни яхши кўради ва «ҳамма нарсани ўзи қилади», деган эди Тува собиқ раҳбари Шолбан Кара-оол.

Шунингдек, 2014 йилда Владимир Путин 7 октябрь, туғилган кунида биринчи марта ўзига таътил олиб, Сибир тайгасига жўнаб кетган эди.

Бизнес