error 22:44 04.11.2021 error 2083

Коррупция: Жорий йилнинг ёз ойида пора билан қўлга тушган Гулистон давлат университетининг декани ва ўқитувчисига суд ҳукми ўқилди

Дунёда инсонларни алдаш йўли билан мол-мулкини ўзлаштириш, ўзгалар ҳисобидан кун кўришдан ортиқ жирканчлироқ иш йўқ. Айниқса, шундай ишга олий маълумотли ўқитувчи қўл урса қандай тушуниш мумкин?

М.А. (аёл) Гулистон Давлат университети ўқитувчиси бўлиб, ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда, пора беришга далолат қилиб, Гулистон Давлат университети табиий фанлар факультети декани вазифасини бажарувчиси А.Ю.нинг ёрдами билан фуқаролар З.А. ва Г.М.ларни ҳар бирини 3.000 АҚШ долларидан жами 6.000 АҚШ доллари пора бериш эвазига биология факультетига ўқишга киритиш билан алдаб, 2021 йил 10 июль куни М.А., З.А.дан келишилган 6.000 АҚШ долларини Гулистон шаҳар, 6-мавзе ҳудида олган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур тадбир давом эттирилиб, А.Ю., М.А.дан 2021 йил 10 июль куни фуқаролар З.А. ва Г.М.ларни биология факультетига ўқишга киритиш учун Гулистон шаҳридаги “Сайхун мед сервис” МЧЖ биноси олдида 6.000 АҚШ доллари олган вақтида, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ашёвий далиллар билан ушланган.

Биринчи босқич суди мазкур жиноят ишини мазмунан кўриб чиқиб, М.А.га Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 25,168-моддаси 3-қисми “в” банди ва 28,211-моддаси 1-қисми билан ЖКнинг 45,59-моддаларига асосан бир йил муддатга давлат иштирокидаги ташкилот ва корхонадаги мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда соат 22:00дан соат 06:00га қадар яшаш хонадонини тарк этиши чекланган ҳолда 2 йил 6 ой озодликни чеклаш жазоси, А.Ю.га Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 25,168-моддаси 3-қисми “в” банди билан ЖКнинг 45-моддасини қўллаб, бир йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик ишларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолиш шарти билан 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Гувоҳи бўлганингиздек, алдов ва фириб йўли билан топилган бойлик М.А. ва А.Ю.га буюрмади, топгани-обрўсини тушириб, эл-юрт олдида уятга қолгани бўлди.

Хулоса қилиб айтганда, ноннинг ҳалоли ширин. Кўпни кўрган кексаларимиз бекорга «Яримта нон - ҳузури жон» дейишмаган. Алдов, фириб, умуман, жиноий йўл билан топилган ноҳалол бойлик ҳеч кимга, ҳеч қачон буюрмайди.

Б.Мамадаминов,
Сирдарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси

М.Омонов,
Жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар судининг судьяси

Бизнес