error 10:52 12.09.2021 error 444

Ўзбекистонда бўлиб турган афғон учувчилари тақдири нима бўлади?

Ўзбекистонда бўлиб турган Афғонистон ҳарбий ҳаво кучларининг бир гуруҳ учувчилари оилалари билан шу ҳафта охирида Америка ҳарбий базасига ўтказилади. Бу ҳақда Wall Street Journal ўз манбаларга асосланиб маълум қилмоқда, дейилади «Xabar.uz» хабарида.

ОАВга кўра, АҚШ ҳамда Ўзбекистон ўртасида тегишли келишувга эришган.

Афғонистон ҳарбий-ҳаво кучлари учувчилари толиблар ҳокимиятга келганидан сўнг, қариндошлари билан самолётлар ва вертолётларда Ўзбекистонга қочиб ўтишганди.

Учувчилар Толибон барча амалдорлар ва ҳарбийларга ваъда берган амнистияга қарамай, ўзлари ва оилалари хавфсизлигидан қўрқишмоқда.

Нашр маълумотларига кўра, Ўзбекистонда жами 585 афғон учувчиси, экипаж аъзолари ва уларнинг қариндошлари бор. Бу одамлар «АҚШнинг Доҳадаги ҳарбий базасига учиб кетиши» кутилмоқда, лекин улар АҚШга ёки бошқа жойга бориши ҳозирча аниқ эмас. Ўзбекистонда Афғонистондан олдин келган 46 та ҳарбий самолёт ва вертолётлар бор, уларнинг кейинги тақдири номаълум.

Толибон самолётларни Афғонистонга қайтаришга чақирмоқда, лекин бунга АҚШ қаттиқ қаршилик кўрсатиши мумкин, дейди газета. Шунингдек, Толибон вакили Суҳаил Шаҳин қочган афғон учувчиларининг мамлакатга қайтиш зарурлигини эълон қилган.

«Учувчилар ўз юртларига қайтишлари керак, улар мамлакатга керак», — деган Шаҳин.

Бизнес