error 10:50 20.09.2021 error 240

Гулистон туманида “Агро ҳамкор томорқа хизмати” МЧЖ кластери ўз фаолиятини бошлади

Бугунги замонавий қишлоқ хўжалигида сифатли ва экспортбоп озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришнинг самарали усулларидан бири кластер ташкил этиш ҳисобланади. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан йўлга қўйилган бу тизим ўзини тўла оқлаяпти, десак муболаға бўлмайди. Шу жиҳатдан, томорқаларда етиштирилган маҳсулотларни сақлаш, дўконларга етказиб бериш, мева-сабзавотларни қайта ишлаш цехларини ташкил этиш жараёнларини умумлаштирадиган “Томорқа хизмати” кластерлари фаолиятини йўлга қўйишни даврнинг ўзи талаб қилмоқда.

Бугун Гулистон туманида 9 та фаолият йўналишини мужассам этган “Агро ҳамкор томорқа хизмати” МЧЖ Кластери ўз фаолиятини бошлади. А.Навоий маҳалласида жойлашган мазкур кластернинг очилиш тадбири бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари вилоят кенгаши раиси Р.Примқулов, туман ҳокими С.Бегимқулов, сектор раҳбарлари, маҳалла фаоллари ҳамда вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармасининг масъул ходимлари иштрок этдилар.

Ўз навбатида, халққа хизмат қилиб, уларнинг мушкулини осон қилаётган бундай корхоналар Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан қўллаб-қувватлаб келинмоқда. Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармасидан ““Агро ҳамкор томорқа хизмати” га 1 млрд 960 млн сўм маблағ ажратилган.

Бундай кластерлар аҳоли давромадларини ошириш билан бирга, одамларни иш билан таъминлашга ҳисса қўшади.

Хусусан, кластерда ўрта ҳисобда 35-40 та доимий, 100 га яқин мавсумий иш ўринлари яратилади.

Гулистон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати

Бизнес